Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида 7 октябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасида юзага келган келишмовчиликлар муносабати билан брифинг ташкил этилди.
Маълумки, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ҳудуди бўйича икки мамлакат ўртасидаги баҳсли низо кўп йиллардан бери давом этиб келяпти. Жаҳон ҳамжамиятининг можарони тинч йўл билан бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига қарамасдан, ҳануз ҳал этилмаган муаммоли вазият жорий йил июль ойида қайтадан газак олди.
Шу давр ичида Озарбайжон – Арманистон низоси жараёнида бир неча бор қуролли тўқнашувлар кузатилди, нафақат ҳарбий хизматчилар, балки ҳар икки томон тинч аҳоли вакилларидан ҳам қурбонлар берилди.
Мазкур қуролли можарога нисбатан жаҳон тинчликсевар ҳамжамияти доимий равишда ўз муносабатини билдириб келмоқда.
Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш яқинда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга мурожаат қилиб, зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва Минск келишуви шафелигида музокара бошлашга чақирди. Шунингдек, у минтақага тезда ЕХҲТ кузатувчиларини юбориш лозимлигини таъкидлади.
Туркий кенгаш Бош котиби Бағдад Амреев ҳам ушбу воқеаларга нисбатан ўз фикрини баён этди. Баёнотда ушбу тузилма халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва тамойилларига ҳамиша содиқ экани таъкидланиб, можаро тез орада ҳал этилишига умид билдирилди.
Табиийки, Ўзбекистон ҳам қардош Озарбайжон ва МДҲ бўйича ҳамкоримиз Арманистон халқлари тақдирига бефарқ бўлмаган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг шу муносабат билан берган баёнотида, жумладан, шундай дейилади: «Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикаси муносабатларидаги кескинликнинг ошиши Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида МДҲ ҳудудида дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро ишонч мустаҳкамланиши, баҳсли масалалар халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий мос равишда тинч йўл билан ҳал қилиниши муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Озарбайжон Республикаси ва Aрманистон Республикасини ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатишга ҳамда можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз.»
Брифинг давомида ОАВ вакилларининг мавзуга оид саволларига жавоб қайтарилди.
Учрашув якунида қардош Ўзбекистоннинг айни масаладаги хайрихоҳ позицияси маълумлиги ва бу ёндашув ҳозир ҳам ўзгармай қолаётгани эътироф этилди. Шу муносабат билан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан ва бутун ўзбек халқидан чуқур миннатдор эканини изҳор этган.