Россия Федерацияси Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук билан учрашув

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Россия Федерацияси Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук бошчилигидаги Россия ҳукумати делегацияси билан учрашув ўтказди.
Кенгайтирилган учрашувда молия вазири Темур Ишметов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев, шунингдек, қатор вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирок этди.
Мулоқотда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли стратегик шерикликни ривожлантириш масалалари ҳақида сўз борди.
Томонлар минтақавий ҳамкорлик доирасидаги қатор лойиҳаларни муҳокама қилди. Хусусан, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича ҳаракатлар режасининг ижроси кўриб чиқилди.
Бугунги кунда солиқ маъмурияти тизимини ривожлантириш, жумладан, мол-мулкка солиқ солишни такомиллаштириш ва солиқ тўловчилар билан ишлаш тизимини яратиш мақсадида Россия Федерацияси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистонга беғараз техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланган. Ушбу шартномани амалга ошириш доирасида бир нечта йўналиш бўйича иш олиб борилди.
Электрон ҳисоб-китоблар ва қўшимча қиймат солиғи маъмурияти бўйича бизнес жараёнларни оптималлаштириш, мамлакатимизда кўчмас мулкка солиқ солишни такомиллаштириш, солиқ органларида солиқ тўловчилар билан ишлашни ташкил этиш концепциялари, солиқ органлари ходимларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро самарали ишлаш бўйича ўқув дастури ишлаб чиқиш, солиқ органлари учун корпоратив услубни яратиш каби масалар шулар жумласидандир.
Федерал Солиқ хизмати билан ҳамкорликни давом эттириш бўйича ҳамкорликнинг иккинчи босқичи доирасида замонавий технологиялардан фойдаланишни таъминлайдиган амалий дастурий таъминот ишлаб чиқиш, техник ходимларни тайёрлашни ташкил этиш ва ўтказиш, амалий дастурий таъминотнинг синов ва жорий қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш, Биг Дата маълумотларни қайта ишлаш учун таҳлил қилиш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш кабилар ишлаб чиқилган.
Учрашувда, шунингдек, кадастр фаолиятини такомиллаштириш соҳасида ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама этилди.
Ҳозирда Росреестр билан Россия Федерал Солиқ хизмати томонидан амалга ошириладиган кўчмас мулкни солиққа тортишни такомиллаштириш бўйича лойиҳани давом эттиришни ҳисобга олган ҳолда, 2020-2021 йилларда ҳамкорлик тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда.
Россия томонининг техник кўмаги билан “Давлат кадастрини баҳолаш тизимини яратиш ва кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини аниқлаш, жумладан, Ўзбекистон Республикасида солиқ мақсадлари учун” лойиҳаси доирасида бир қатор йўналишлар ишлаб чиқилмоқда. Учрашувда шунингдек, ушбу соҳада кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Мулоқот якунида томонлар ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб, амалга ошириладиган тадбирлар бўйича келишиб олдилар.
photo_2020-09-15_17-53-14.jpg

 

Саидмурод Раҳимов, ЎзА