Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбековнинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси бизнес форуми ва кооперация биржаси ташкил этилди.
Унда икки мамлакатнинг савдо, саноат, иқтисодиёт, қурилиш, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик ва енгил саноат, ахборот технологиялари каби соҳаларга ихтисослашган вазирликлар, 100 дан зиёд компания ва фирма вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Ўзаро манфаатли шериклик асосидаги ҳамкорлик доирасида истиқболли лойиҳалар ҳаётга жорий этилмоқда. Мамлакатларимиз Президентларининг сиёсий иродаси ва ҳамфикрлиги туфайли Ўзбекистон билан Қирғизистон муносабатлари мустаҳкамланиб, ўзаро алоқалар фаоллашди. Ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги алоқалар янги босқичга кўтарилди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Ж.Хўжаев, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Қирғизистон Республикаси иқтисодиёт вазири А.Новиков ва бошқалар халқларимизнинг кўп асрлик дўстлик ва яқин қўшничилик алоқалари савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
Жорий йил январь-октябрь ойларида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми қарийб 60 фоизга ўсди. Мамлакатимизда Қирғизистон капитали иштирокидаги 50 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Қирғизистонда ўзбекистонлик ишбилармонлар томонидан 50 га яқин корхона ташкил этилган.
Тадбирда қайд этилганидек, вазирлик ва компаниялар ҳамда ишбилармон доираларнинг мазкур учрашуви Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларни мустаҳкамлаш, тенг шериклик асосида манфаатли бизнес юритишни ривожлантириш учун қулай платформа вазифасини ўтайди.
– Янги форматдаги бундай форумлар ҳамкорлик даражасини изчил ривожлантириш имконини беради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси масъул ходими Ғафуржон Усмонов. – Бугунги тадбирда турли соҳаларда ҳамкорликни жадаллаштириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Мунтазамлик касб этган бу каби тадбирлар мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини юксалтиришга хизмат қилади.
Анжуман доирасида “Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, қонунчилик ва ишбилармонлик муҳити” мавзуида давлат органлари вакиллари ва ишбилармонлар музокаралари ўтказилди. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва енгил саноат соҳаларига бағишланган шўъба йиғилишларида бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда бундай тадбирларни ҳар йили ўтказишга келишиб олинди.
– Корхонамиз енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди Қирғизистоннинг “VivaTex” компанияси савдо директори Динора Мамасиддиқова. – Тадбирда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ип-калава етказиб бериш бўйича келишувга эришдик. Мамлакатингизда яратилган қулай инвестиция муҳитидан фойдаланиб, келгусида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш ва Ўзбекистонда ҳам фаолиятимизни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.
Музокараларга бой ўтган форум доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид 60 га яқин ҳужжат имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ўртасида савдони молиялаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳадли келишув, 2017-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма амалий ҳаракатлар режаси («Йўл харитаси») ҳамда икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорлик битими қоидаларини амалга оширишга доир ҳаракатлар режаси («Йўл харитаси») шулар жумласидан.
Икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида ўтказилган кооперация биржасида ўзаро ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари, қўшма корхоналар ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.