Аёллар тадбиркорлиги бўйича самарали лойиҳа

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси бугунги кунда мамлакат миқёсида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Мазкур ассоциация ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими билан биргаликда Осиё тараққиёт банкининг(ОТБ) молиявий кўмагида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури(CAREC) нинг «Ривожланиш самарадорлигини ошириш учун фуқаролик жамиятининг иштирокини чуқурлаштириш – фуқаролик жамиятининг ОТБ амалиётларидаги иштирокини чуқурлаштириш» дастури доирасидаги тажриба лойиҳаси шулар жумласидандир.
Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг бир қисми ҳисобланган мазкур қўшма лойиҳа Осиё тараққиёт банки (ОТБ) фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш маркази томонидан молиялаштирилмоқда. У ҳудудий ва Евроосиё бозорларига чиқадиган халқаро автомобиль коридорини очиш юзасидан “Коридор 2, Қорақалпоғистон Республикасининг автомобиль йўлларини ривожлантириш” йирик лойиҳаси компоненти сифатида амалга оширилмоқда. Қабул қилинган дастурга мувофиқ, мамлакатимизда автомобиль йўллари қурилиши ва уни тиклашни қўллаб-қувватлаш бўйича фаолияти амалга оширилади, шу жумладан, қишлоқ жойларида йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳамда логистика ва савдо марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш, ўз навбатида иқтисодиётнинг ривожига, савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайишига хизмат қилади.
CAREC дастури доирасида ҳудудий транзит коридорини барпо этиш учун ва мамлакатимизнинг энг асосий халқаро савдо йўлларидан бири бўлган А-380 автомобиль йўлининг Қўнғирот-Довуд ота участкасида (Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ҳудудида) модернизация ишлари амалга оширилади.
5.jpg
– Мазкур лойиҳа муҳим аҳамиятга эга, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ижрочи директори Назира Елибоева. – Чунки унинг амалга оширилиши билан туманнинг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудлари («Қорақалпоғистон» ва «Жаслиқ» шаҳарча фуқаролар йиғинлари) оралиғидаги автомобиль йўллари бўйларида савдо ва хизмат кўрсатиш инфратузилмалари ишга туширилади. Натижада мазкур ҳудудда аҳоли, айниқса аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, йўловчиларга намунали сервис хизматини кўрсатиш имконияти яратилади.
Жорий йилнинг 1 апрелида бошланган лойиҳа йил охиригача давом этади. Унинг доирасида «Қорақалпоғистон» ва «Жаслиқ» шаҳарча фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида 120 нафар ишсиз хотин-қизлар учун тадбиркорлик асослари, кичик бизнесни бошқариш, молиялаштириш ва тежаш, оилавий тадбиркорлик, шу жумладан оилавий корхоналар тузиш бўйича ўқув семинарлари ташкил этилади. Уларга кредит олиш учун бизнес-режа тузишда амалий ёрдам кўрсатилиб, консалтинг хизматлари ҳам таклиф этилади. Бу эса чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аёлларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, оилаларнинг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
8.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА