Миллийликни тараннум этувчи ҳунармандчилик намуналари қаторида қўғирчоқ тикувчи усталар деярли ҳар бир ҳудудта учрайди.
Масалан, бошида дўппи, лўппи юзли, киприклари узун қиз тимсолини акс эттирган қўғирчоқ андижонлик Манзура Юсуповага тегишли бўлса, лойдан ишланган гўзал ўзбек қизлари тошкентлик Насиба Ахмедованинг ижод маҳсулидир. Хоразмлик қўғирчоқдўз Мансур Курязовни эса бугун нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам жуда яхши билишади. Ана шундай ижодкорлардан бири, «Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони совриндори, «Ҳунармандлар» уюшмаси аъзоси Махада Алламбергеновадир.
Ҳунарманд аёлнинг ижодиёти ўзига хос ва ранг-баранг. У қорақалпоқ халқининг миллий маданияти ва санъатини қоғоз ва лой орқали қўғирчоқларда акс эттириб, дунё мамлакатларининг таҳсинига сазовор бўлиб келмоқда.
Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида туғилиб вояга етган Махада Алламбергенова – 1980 йили Ж.Шамуратов номидаги Нукус давлат санъат билим юртинининг графика мутахассислигини тамомлаган. У йиллар давомида миниатюра, рангтасвир ва бўёқли нақшларда ўз асарларини яратди. Шу билан қатор Нукус шаҳридаги 33 сонли ихтисослаштирилган мактабда расм ва чизмачилик фанидан 23 йил ўқувчиларга таълим берди. Нафақага чиққанидан сўнг, миллий ҳунармандчиликда ўзининг кенг қамровли ижодини давом эттириб, қорақалпоқ миллий маданияти ва санъатини уйғунлаштирган ҳунармандлар мактабини ярата олди. Айни пайтда Махада опа, ўз устахонасида шогирдлари билан янги-янги ижодий ишларга қўл урмоқда. Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларида ишсиз хотин-қизларга маҳоратли дарслар ўтказиб, ҳунармандчилик орқали тадбиркорлик билан шуғулланиш мумкинлигини ўргатмоқда. Бундан ташқари, Шимолий-ғарбий ҳарбий округи билан ҳамкорликда уюштирилаётган тадбирлар доирасида Нукусдаги 1-сонли ёпиқ шаҳарчанинг «Ватанпарвар» маҳалласида ҳарбийлар оилаларига ҳам қўғирчоқ ясаш сир-асрорларидан дарс бериб келмоқда.
Махада опа суҳбатлашиб ҳам ўз ишидан чалғимас экан. Саволларга жавоб беряптилар-у, қўллари эса қоғоздан ясалаётган қўғирчоққа ишлов бериш билан банд.
-Бу чиройли келин образи, – дейди опа. Келин бўлган аёлнинг либоси бошқача бўлади. Қўғирчоқда қорақалпоқ миллий бош кийими саукеле ва миллий кўк кўйлаги тасвирланяпти. Саукеле ва кўк кўйлакни фақат қизлар турмуш қурганда, катта байрамларда кияди. Сайёҳлар устахонамга кўп келишади. Мен уларга қўғирчоқларимни яратишда энг аввало миллий қадриятларимизга таянишимни айтиб ўтаман. Миллийлик замирида тарих, ўзликни англаш каби ғоялар мужассамки, ҳар бир инсон ўз миллий қадриятларига нисбатан доим ҳурмат ва эҳтиромда бўлмоғи лозимдир.
Қўғирчоқ яратилиши ҳақида аниқ асосли фактлар йўқ. Қўғирчоқ аслида қизлар овуниб ўйнайдиган ўйинчоқ бўлиб, бугун дўконларда европа давлатларининг энг зўр брендлари асосида ишлаб чиқарилаётган қўғирчоқлар ўрин олган. Миллий қўғирчоқларимиз эса сайёҳларнинг эътиборини жалб этиш учун сувенир дўконларида сотилаётганлигини гувоҳимиз. Бу ҳақида Маҳада опага мурожаат этганимизда, ундан шундай сўзларни эшитдик:
-Ўйинчоқлар ҳам болани тарбиясида муҳим роль ўйнайди. Тўғри, ҳозир янги замонавий даврда яшаяпмиз. Йиғлайдиган қўғирчоқлар бор, гапирадиган ва ҳатто овқат ейдиган қўғирчоқлар ҳам яратилган. Лекин бу қўғирчоқлар қай даражада боланинг тарбияси ва соғлиғига таъсир этаётганлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаймиз. Қўғирчоқлар савдосида одатда мактабгача таълим муассасалари ходимларидан буюртмалар келиб тушади. Ота-оналарнинг қизиқишлари эса сустроқ. Хохлардимки, тарбия жараёнида ота-оналар тажовузкорона нигоҳларга эга қўғирчоқлар ёки ўйинчоқ қуролларни эмас, балки миллий характерни ўзида акс эттирган қўғирчоқларни фарзандларига ҳадя этишса. қўғирчоқ бир предмет бўлсада, бола онгида ўз халқига ҳурмат ҳисси уйғонади, фахрланиш туйғулари жўш уриб, ватанпарвар инсонлар сафида ўз юртига садоқатли инсон бўлиб улғаяди.
Мазмунли кечган суҳбат асносида яна бир латофатли қизнинг образи яралди. Бу қўғирчоқ Махада опанинг ўй-ҳаёллари, Она юртига бўлган чексиз меҳру-муҳаббати тимсоли сифатида қаршимда гавдаланди. Дарҳақиқат, ватанпарварлик касбу-кор танламас экан. Инсон қўллари гул, кун келиб бу қўллар Ватанни бунёд этишга ҳам қодир.
Шоҳиста Абдурахманова.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.