Алишер Навоий

Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз ваҳшийларни улфатга айлантиради…

Ҳикматлар

Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

* * *

Оз-оз ўрганиб доно бўлур,
Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур.

* * *

Билмаганни сўраб ўрганган олим,
Орланиб сўрамаган ўзига золим.

* * *

Кимки фалак сари отар тошни,
Тош ила озурда қилар бошни.

* * *

Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз. Кўп, бемаза сўзлайдиган эзма кечалари тонг отгунча тинмай ҳурадиган итга ўхшайди. Тили ёмон одам халқ кўнглини жароҳатлайди, ўз бошига ҳам офат етказади.

* * *

Нодоннинг ваҳшийларча бақирмоғи – эшакнинг бемаҳал ҳанграмоғи. Хушсухан одам юмшоқлик билан дўстона сўз айтади; кўнгилга тушиши мумкин бўлган юз ғам унинг сўзи билан даф бўлади.

* * *

Сўзда ҳар қандай яхшиликнинг имкони бор, шунинг учун ҳам айтадиларки, «нафаснинг жони бор…»

* * *

Ўзи хунук, гапи бемаъни, овози ёқимсиз одам қурбақага ўхшайди. Бахт бағишловчи тоза руҳ манбаи ҳам тил; ёмонликлар келтирувчи наҳс юлдузининг чиқар жойи ҳам тил. Тилини тийолган одам – донишманд оқил; сўзга эрк берган одам – беандиша ва пасткаш. Тил ширин ва ёқимли бўлса яхши; тил билан дил бир бўлса, яна яхши. Тил билан дил инсондаги энг яхши аъзолардир. Бўстонда гулсафсар, гулғунча ва райҳонлар энг ёқимли гуллардир.

* * *

Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади. Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас, у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас.

* * *

Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз ваҳшийларни улфатга айлантиради; сеҳргар оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради.

* * *

Бошни фидо айла ато бошиға,
Жисмни қил садқа ано қошиға…

* * *

Карам ва мурувват ато ва анодурлар,
Вафою ҳаё икки ҳамзод фарзанд.

* * *

Гавҳару дурни қулоқ озори бил,
Сўзни қулоқнинг дури шаҳвори бил.

* * *

Жаҳон илмики бу кун менга ёд эрур,
Анга барча жаҳл аҳли устод эрур.

* * *

Сабр била боғлиқ иш очилур,
Ишда ошиққан кўп тойилур.

* * *

Чин сўз – мўътабар, яхши сўз – мухтасар.

* * *

Яхшилик қила олмасанг, ёмонлик ҳам боре қилма.

* * *

Икки кеманинг учин тутқан ғарқдур.

* * *

Бефойда сўзни кўп айтма ва фойдалиғ сўзни кўп эшитурдан қайтма.

* * *

Оқил чиндан ўзга демас, аммо барча чинни ҳам демак оқил иши эмас.

* * *

Бийиклик келди ҳимматдин нишона,
Ки ҳимматсизни паст этди замона.

* * *

Бировгаким бировдин етди офот,
Ҳамоноким қотиғроқдур мукофот.

* * *

Бировки тамаъ риштае қилғуси,
Унинг бирла бўғзидин осилғуси.

* * *

Бировким анга ҳиммат ўлди баланд,
Эрур олам аҳли аро аржуманд.

* * *

Бировким бўлур бир оёқ ош учун қул,
Юзига керакдур қозоннинг қароси.

* * *

Бир дирам олмоқ чекибон даст ранж,
Яхшироқ андинки, биров берса ганж.

* * *

Гавҳару дурни қулоқ озори бил,
Сўзни қулоқнинг дури шаҳвори бил.

* * *

Ҳам сўз ила элга ўлумдин нажот,
Ҳам сўз ила топиб ўлук тан ҳаёт.

* * *

Элга шараф бўлмади жоҳу насаб,
Лек шараф келди ҳаёву адаб.

* * *

Бир деганни ики демак хуш эмас,
Сўз чу такрор топти – дилкаш эмас.

* * *

Хушдурур боғи коинот гули,
Борчадин яхшироқ ҳаёт гули.

–0–

 

«Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан 
2013 йилда чоп этилган «Абадият гулшани» китобидан олинди.

 

ЎзА