Оролбўйи ғаллакорлари режани ортиғи билан бажарди

Қорақалпоғистон Республикаси ғаллакорлари давлатга 101 минг 303 тонна ўрнига амалда 103 минг 454,6 тонна дон топшириб, шартномавий режани 102 фоиздан ошириб бажарди.
Бугунги кунда Тахиатош тумани 130,7, Амударё тумани 118,2, Элликқалъа тумани 114,2, Беруний, Қораўзак, Нукус, Тахтакўпир, Тўрткўл, Хўжайли, Чимбой, Шуманай туманлари 100-106 фоиздан режани ортиғи билан бажарди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги «2020 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида»ги қарорини ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудда жорий йил ҳосили учун 53 минг гектар майдонда кузги бошоқли дон экилди.
Кузги бошоқли дон экинларини парваришлашда амалга ошириладиган агротехник тадбирлар ўз вақтида олиб борилди. Хусусан, омилкор деҳқон ва фермерларнинг кўрсатган жонбозлиги туфайли турли касалликлар, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши профилактик кимёвий ишловлар тизимли равишда ўтказилди. Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси ялпи дон ишлаб чиқаришни 327,1 минг тонна ёки ҳар гектаридан 61,7 центнердан дон етиштиришни режалаштирилган.
Бугунги кунда 2576 та фермер хўжалиги томонидан ғалла ўрим-йиғим ишлари амалга оширилиб, шундан 1838 та фермер хўжалиги томонидан давлатга дон топшириш бўйича контрактация шартномаси тўлиқ бажарилди.
Айни пайтда ўрим-йиғим, шунингдек, ғалладан бўшаган майдонларини такрорий экин экишга тайёрлаш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА