ЎзА танқидидан сўнг: Мақола юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди

Яқинда ЎзА сайтида Қорақалпоғистондаги зардуштийлик даври билан боғлиқ қадимий тарих ва маданий эсдаликларнинг молларнинг оёқ остида қолаётганлиги тўғрисида мақола эълон қилинган эди.

Унда Бўзатов тумани Қусхона тепалигида жойлашган оссуарийларнинг бугунги ачинарли ҳолати танқид остига олинган. Миллий қадриятларни, тарихий, маданий эсдаликларни асраб-авайлашни ўз вазифаларидан бири деб ҳисоблайдиган партия вакиллари дарҳол ушбу танқид остига олинган масалани ўрганиш чораларини кўрдилар.Жумладан, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгес депутати Тажибай Романов, Халқ депутатлари Бўзатов туман кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзолари ва ҳокимлик мутахассислари билан Бўзатов тумани Қусхона тепалигидаги зардуштийлик маданиятига оид минг йилдан ортиқ тарихга эга оссуарийлар ва унга олиб борувчи йўллар, тепаликдаги бошқа тарихий номларга эга ўринлар («Девнинг уяси», «Тош қирман», «Суйин ийшан» мадрасалари) ҳар томонлама ўрганилди.
photo_2020-06-16_17-38-04.jpg

Ушбу оссуарийлер тоғнинг тепа қисмида жойлашган ва авваллари қумнинг тагида бўлган. Йиллар давомида ёмғир, қор, шамол ва шу каби бошқа қатор табиий сабаблар туфайли оссуарийлер қумнинг тепасига чиқиб қолган. Тоғнинг тепаси азалдан ушбу ҳудуд аҳолисининг яйлови ҳисобланар экан. Чунки оддий аҳоли қум тагида нима бор эканлигини аслида яхши тушунмайди.

Ўрганиш давомида партия вакиллари томонидан Қусхона тепалиги атрофидаги «Кўк сув» ОФЙ да яшовчи маҳаллий аҳолига мазкур тарихий ўринларнинг аҳамияти, келиб чиқиши, уларни келгуси авлодга мерос этиб қолдириш мақсадида соф ҳолида сақлаш, келажакда туризм ҳудудига айлантириш кераклиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Мазкур масала юзасидан туман ҳокимлигида ҳоким ўринбосарлари, партиядан сайланган депутатлар ва тегишли мутахассислар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда туман ҳудудидан топилган эски даврларга тегишли бўлган оссуарийларни асраб-авайлаш, уларни сақлаб қолиш учун ушбу ҳудудни муҳофаза қилиш, бунинг учун туманда музей ташкил қилиш бўйича фикр ва таклифлар билдирилди. Партия вакиллари туман ҳокимлигига ушбу масалада амалий ёрдам бериш ҳамда тегишли соҳа мутахассислари билан иш олиб боришда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши матбуот хизмати

 

ЎзА