Орол денгизининг қуриган майдонида муҳташам болалар оромгоҳи очилди

Мўйноқ туманининг мафтункор қиёфаси яна бир янги замонавий бино билан чирой очди. Мўйноқ туманининг «Бозатау» овул фуқаролар йиғини ҳудудида узукка кўз қўйгандек ярашган «Оқ кема» номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи ишга тушди. Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросимига Ҳукумат вакиллари, кенг жамоатчилик, ота-оналар ҳамда болалар иштирок этди.

– Бугун Қорақалпоғистоннинг қай бир туманига борманг, улкан янгиланишларга гувоҳ бўласиз. Мўйноқ эса ўзининг янгидан туғилиш даврини бошдан ўтказмоқда. Ўзим ҳам ҳар сафар бу ерга келганимда юрагим орзиқиб кетади. Давлат раҳбарининг ўз халқига бўлган чексиз муҳаббатини ҳис этаман, уни чин юракдан севишига имон келтираман, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов. – Мўйноқ туманида бугун қад ростлаган муҳташам мана шундай даргоҳда ўғил-қизларимиз нафақат мароқли дам олади, улар бу ерда жисмонан чиниқади, ўзларининг интеллектуал салоҳиятларини оширади, қизиққан йўналишлари бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлайди.

Шу пайтгача қорақалпоғистонлик болажонлар юртимизнинг бошқа ҳудудларидаги болалар оромгоҳларига олиб борилар эди. Бу эса албатта, болаларнинг хавфсизлиги, саломатлиги, ота-оналарнинг хавотири каби бир қатор муаммоларни келтириб чиқар эди. Ва яна ич-ичимиздан бир саволга жавоб топа олмасдик. Нега энди Қорақалпоқ заминида бир замонавий оромгоҳ бўлмаслиги керак?

Оромгоҳ Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг ноябрь ойидаги Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича берган топшириғи асосида бунёд этилди.

– Президентимиз Мўйноққа келиб халқ билан учрашганда мен ҳам иштирок этгандим, – дейди Мўйноқ тумани халқ таълими бўлими мудири Мақсет Аметов. – Шунда Юртбошимиз Мўйноқда замонавий муҳташам болалар оромгоҳи қурилади. Маданият Мўйноқдан бошланади, – деганда бутун вужудим жимирлаб, чексиз қувонган эдим. Ҳақиқатдан ҳам, мана туманимизда беқиёс оромгоҳ иш бошлади.

photo_2020-06-16_17-14-21.jpg
Умуман олганда, мўйноқликларнинг бугунги кунда ҳаётга қараши бутунлай ўзгарди. Бундан 4-5 йиллар олдин халқнинг руҳи роса чўккан эди. Келажакдан умиди йўқ эди. Мана, бугун туманимиз қиёфаси тубдан ўзгариб кетди. Янги ҳаёт бошланди. Одамларнинг юрагида жўш бор, куч-шижоат бор. Болаларимизнинг қувончини айтмайсизми?! Бир неча кундан бери болалар билан ўзимиз ҳам қувониб, ҳаттоки уйқумиз ҳам қочиб кетди. Эрталаб, ушбу манзил сари шошиламиз.

Туман ҳудудида бўш ётган 12,7 га ер майдонида «Оқ кема» замонавий болалар оромгоҳи ва соғломлаштириш маркази қисқа муддатларда қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Унинг қурилиш лойиҳасига ижодий ёндашилган. Қуш парвози баландлигидан қаралса «Оқ кема» худди номига мос буюк кемадек кўринади.

– Оромгоҳнинг лойиҳасини кема шаклида қуриш ғоясини федерациямиз раиси Қудратилла Рафиқов илгари сурди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Касаба уюшмалари ташкилотлари Кенгаши раиси Улуғбек Жалменов. – Мўйноқдан Қўнғирот томон оромгоҳни қуриш ғояси бўйича фикр алмашиб қайтаётган эдик. Оромгоҳ лойиҳаси кема шаклида бўлиши керак, деди, у киши. Бу кема рамзий маънода болаларни олиб буюк келажак сари сузиши лозим, деди. Мана, бугун Ўзбекистондаги энг чиройли ва саранжом болалар оромгоҳи Мўйноқда қад ростлади.

Оромгоҳда болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг турли йўналишларда билим ва малакаларини шакллантириш учун ҳам шароитлар яратилган. Дарвозадан киргандан бу ердаги муҳит ва манзара кишини ўзига ром этади. Савлат тўкиб турган бино олдида икки елканли кема қарши олади. Атрофда яшил майсазор ва манзарали дарахтлар ўртасидан ўтаётган киши «Наҳотки мен Мўйноқдаман» дейиши аниқ. Чунки, оромгоҳ ҳудудидан ташқарида иссиқ ва қуруқ шамол, чанг-тўзон.

Объект қурилишига алоҳида меҳр билан ёндашилгани кўриниб туради. Қурилиш ишлари «Шорахан қурилиш монтаж» МЧЖ томонидан олиб борилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси мазкур объект қурилиши учун 36 миллиард сўм ажратди.

photo_2020-06-16_17-13-53.jpg
«Оқ кема» оромгоҳи бир сменада 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган. Марказда болалар ётоқхоналари барча жиҳозлар билан таъминланган. Жисмоний тарбия машғулотлари учун футбол, баскетбол, волейбол майдончалари ва болалар сузиш бассейни бор. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун жойлар ажратилган. Маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, кутубхоналар мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхоналари замонавий ускуналар билан таъминланган. Оромгоҳда 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

–Мен Ўзбекистонда намунали деган кўплаб оромгоҳларни кўрганман, лекин бу ердаги каби шароитларни бошқа жойда учратмаганман. Менингча, «Оқ кема» оромгоҳи юртимиздаги беқиёс масканларнинг бири, – дейди Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Республикаси Касаба уюшмалари ташкилотлари кенгаши раисининг ўринбосари М.Данияров. – Мазкур муаззам кошона муҳтарам юртбошимизнинг азиз халқимиз фарзандларига бўлган оталарча ғамхўрлиги тимсоли деб биламан. Шахсан ўзим оромгоҳга ҳар келганимда юрагимда болаликка қайтиш орзуси туғилади. Бизнинг болалигимизда бундай масканлар бўлмаган.

«Оқ кема» келажакка қараб сузади ёки «Кемалар йўли»ҳақида

1970 йил бошларида, Орол денгизи ҳали тўлин пайтларида унинг соҳилида «Роҳат» болалар оромгоҳи ташкил қилинади. Мазкур оромгоҳни шартли равишда «иккинчи Артек» деб номлаб, унга бутун СССР давлатларидан ёз пайтида болаларни олиб келиш мақсад қилинган. Афсуски, саксонинчи йилларга келиб денгиз қуриши билан оромгоҳнинг машҳурлигини орттириш ғояси ҳам сўниб қолди. Лекин, орадан қарийб қирқ йил ўтиб ушалмай қолган орзу рўёбга чиқмоқда.

«Оқ кема» оромгоҳи жойлашган жойда сув кемалари ҳам сузган ва чўл кемалари ҳам олис-олис юртларга равона бўлган.

photo_2020-06-16_17-14-17.jpg

Ўтган асрларнинг саксонинчи йилларигача бу ерларда сув бўлиб, кемалар сузиб юрган. Энг қизиғи, денгизнинг остида карвон йўли ҳам бўлган. Бу ҳақида асли мўйноқлик тарихчи олим Октябрь Доспанов қизиқарли воқеаларни сўзлаб берди.

– Мўйноқ тумани ҳудудида ана шундай намунавий оромгоҳнинг қурилганини кўриб жуда қувондим, – дейди болалиги денгиз соҳилларида ўтган О.Доспанов. – 1982 йилда охирги марта Мўноқдаги «Артек» («Роҳат» оромгоҳи назарда тутиляпти)да бўлиб, денгизда сузганман. Оромгоҳга бутун Ўзбекистондан, ҳаттоки бошқа СССР давлатларидан ҳам болалар келди. Мўйноққа Тошкентдан ҳафтасига 3 марта самалёт қатнади.

Кейинчалик, денгиз қуриб бошлади. 1980 йил ўрталарида, «иккинчи Артек» яъни «Роҳат» болалар оромгоҳи фаолияти батамом тугатилди, лекин у билан боғлиқ ширин хотиралар ҳамон ёдимда. Ҳозирги «Оқ кема» оромгоҳи бунёд этилган жой денгиз бор пайтида кичик орол бўлган. Мўйноқ шаҳрига одамлар бу ердан кемаларда қатнаган. Мўйноққа бораётиб, сув тубида каналга ўхшаш чуқурликларга кўзимиз тушарди. Кемалар шу йўлни мўлжалга олиб сузарди. Одамлар уни «Туя йўли» ёки «Карвон йўли» деб аташар эди. Сувнинг тагида нима қилган туя йўллари экан, деб қизиқардим.

Бир куни отамдан йўлнинг маъносини сўрадим. Билсам, Орол денгизи бурунги замонда худди ҳозиргидек қуриб кетган экан. Савдо карвонлари йўлни қисқартириш учун Устюртдан айланиб юрмай денгизнинг қуриган майдони билан тўғридан-тўғри шимолий-ғарб томон йўл олиб ўтирган. Карвон йўли Устюртга чиқиб, нариёғи Жем (Эмба) ва Эдил (Волга) дарёлари бўйларигача етиб борган.

Ҳақиқатдан ҳам, Амир Темур Кўҳна Урганчни босиб олган пайтида Амударёнинг оқимини Узбой орқали Каспий денгизига қараб ўзгартириб юборган ва Амударё Оролга эмас Каспийга қуя бошлаган. Оқибатда Орол денгизи сувлари қайта бошлайди, халқ эса денгиз қочган сари унинг изидан бориб жойлашади. XIV-XV асрларда денгизнинг қуриган майдонларида кўплаб қалъалар қурилган. XVI асрдан бошлаб Амударё эски ўзани бўйлаб қайта оқа бошлайди ва шу қалъалар сув тагида қолиб кетган.

photo_2020-06-16_17-13-59.jpg
Ҳозирда Қозоғистон томонида денгизнинг қуриган майдонидан бир неча қалъалар топилмоқда. Мўйноқ тумани ҳудудида ҳам шундай қалъалар бор. Ҳозирда газ қазиб олинаётан Сургил («Сургил» сўзи аслида «Шўр кўл» сўзидан келиб чиққан. XIV-XV асрларда айнан шу жойда халқ яшаган ва кўлнинг суви шўр бўлиб кетгандан кейин у ерни «Шўр кўл» деб номлаган) деб номланувчи жойдан одамлар қадимий тангалар, сопол идишлар топган.

Қиссадан ҳисса шуки, мазкур оромгоҳ жойлашган жойдан бир вақтлари чўл кемалари (туя карвонлари), сув кемалари ҳаттоки ҳаво кемалари ҳам ташқи дунёга йўл олиб, ҳудуднинг донғини олис-олисларга етказган. Янги қурилган «Оқ кема» ҳам рамзий маънода болаларни ёруғ келажак сари олисларга олиб кетишга шай.

«Дунёдаги энг ширин тарвуз – Мўйноқда»

Мўйноққа борган киши айнан «Оқ кема» оромгоҳи қурилган жойларга келганда ердаги тупроқни кўриб ҳайрон қолади. Чунки, ерда туз йўқ. Қорақалпоғистоннинг бошқа туманлари ерларида ёзнинг кунлари оппоқ қордек ётадиган шўр ерлар бу жойларда учрамайди. Тупроқ эса унумдор, бўз. Шунинг учун бу жойни «Бозатау» (Бўз орол) деб аташган. Маҳаллий кишиларнинг айтишича, ерига нима эксанг ҳам ўсади.

Ўтган асрда денгиз қайтиб кетгандан кейин аввал балиқчилик билан шуғулланиб келган маҳаллий аҳоли энди деҳқончиликка қўл уради. Экин жуда унумдор чиқади. Шу пайтларда республика бўйича мактаблараро мусобақалар ўтказилиб турилган. Яъни, қайси мактаб ўқувчилари кўп ҳосил йиғиб мактабга топширса – шу ғолиб деб топилган. Мўйноқ туманининг овулларидаги қатор мактаблар помидор экиш бўйича Ўзбекистонда энг илғор мактаблар қаторидан жой олади. Мўйноқнинг қовун-тарвузлари жуда ширин бўлиб етилиб чиқади. Халқ орасида ҳозир ҳам гап бор: Мўйноқнинг қовун-тарвузини еган киши бошқасига қарамай қолади, деган.

Айнан, ҳозирги «Оқ кема» оромгоҳи қад ростлаган жойда аввал боғ бўлган, у ерда қора тарвуз экилган. Бу тарвузлар ҳаттоки экспортга йўналтирилган.

photo_2020-06-16_17-14-06.jpg

Бир куни шу овулдаги мактабнинг битта ўқувчиси тарвузнинг сиртига ўзининг исми-шарифини, манзилини, мактабини ёзиб юборади. Бу тарвуз Қўнғиротдан поездларга юкланиб Россияга кетади. Орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин мактабга Россиянинг қайсидир ўлкасидан мактуб келади. Унда шундай ёзилган эди: «Азиз ўқувчи, Сизнинг тарвузингизни олдик. Едик. Умримда бундай ширин тарвузни еб кўрмаганман. Оролнинг қуриган тубида мана шундай тарвуз етиштирилгани мени таажжубга солди. Манимча, дунёдаги энг ширин тарвуз – Мўйноқда…».

Ҳа, «Бозатау» ОФЙдаги ерларнинг бўз бўлиши табиий. Сабаби, Амударё бир вақтлари бу ерларга йилига 14 миллион тонна табиий минералга тўйинган лойқа оқизиб келиб турган. Маҳаллий аҳоли ҳанузгача экинларини ҳеч қандай кимёвий ўғитсиз ўстириб етиштиради.

2000 йил бошларидан кейин туманда сув танқислиги кузатила бошлади. Экинларни суғориш мумкин бўлмай қолди. Сув танқислиги туфайли маҳаллий аҳоли деҳқончилик билан шуғуллана олмай, чорвачиликка ўтган эди. Яқин 2-3 йилдан буён қайтадан сув келиб, деҳқончилик қилинмоқда. Томорқачилик ривожланяпти.

«Оқ кема» оромгоҳи атрофига боғ яратиш мақсадида 5 гектар ер майдонига уч мингга яқин мевали ва декоратив дарахтлар ўтқазилибти. Демак, яқин вақтлар ичида ушбу ҳудуд ҳам яшилга бурканади. Умуман, «Бозатау» ОФЙда «Ёшлар боғи», «Қўқон боғи», «Ажиниёз боғи», «Ўзбекистон Миллий университети боғи», «Навоий ташаббус боғи» каби ўнлаб боғлар пайдо бўлди. Уларнинг барчаси яхши униб-ўсмоқда.

«Оқ кема» оромгоҳида ҳам тарбияланадиган болаларнинг мана шундай унумдор бўлиб чиқиши учун барча шароитлар яратилган.

photo_2020-06-16_17-14-03.jpg

Оромгоҳ илк қалдирғочларини қабул қилди

«Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳига мавсум давомида 4 сменада жами 600 болани соғломлаштириш режалаштирилган.

–Ҳозирги пайтдаги пандемия шароитидан келиб чиқиб, болаларнинг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда мавсумнинг 1-навбатида 13 июнь кунидан 150 нафар болани қабул қилдик, – дейди оромгоҳ директори Зерхан Сайтбекова.

– Хўжайли туманидаги «Меҳрибонлик уйи»нинг тарбияланувчилари, Мўйноқ, Шўманой, Қанликўл туманларининг кам таъминланган оилалари фарзандлари, И.Юсупов номидаги истеъдодли болалар мактабининг қобилиятли болалари оромгоҳнинг биринчи дам олувчилари бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Мўйноқ туманидан 10 та кам таъминланган оилалар болаларига бепул йўлланмалар совға қилди.

–Мен ҳар йили юртимиздаги турли оромгоҳларда дам олиб келаман. Шу йилда Мўйноққа борасиз, деганда, тўғриси бундай гўзал жой тасаввуримда ҳам йўқ эди, – дейди Хўжайлидаги «Меҳрибонлик уйи»тарбияланувчиси Муҳамедали Карамов. – Келганимга икки кун бўлди, ҳануз муҳташам масканнинг ҳовури юрагимда босилмаяпти. Мен шундай Ватанда туғилиб улғаётганимдан беҳад бахтиёрман. Сабаби, менинг Онам бор, мени доимо қайғурадиган Президентим бор. Ушбу оромгоҳдаги барча болалар номидан Муҳтарам Юртбошимизга биз учун мана шундай имкониятлар яратгани учун миннатдорлик билдираман.

photo_2020-06-16_17-14-10.jpg

Қорақалпоғистонда жорий йилда пандемия туфайли барча болалар ҳудуддаги оромгоҳларда, жумладан янгидан ташкил қилинган «Оқ кема» оромгоҳида дам олади. Ҳудудда бундан бошқа 5 та стационар оромгоҳ марказлари, яъни Нукус шаҳридаги «Жас аулад» ва «Арал», Элликқалъа туманидаги «Орол болалари», Тўрткўл туманидаги «Лочин», Тахиатош туманидаги «Айдин жол» оромгоҳлари фаолият бошлаган.

Мавсум давомида болаларнинг мазмунли дам олишини ва қўшимча таълим олишини таъминлаш мақсадида жами 66 нафар педагог ходимлар фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, барча оромгоҳларда кутубхоналар ташкил қилинган. Барча оромгоҳ марказларида санъат соҳасидаги ва хорижий тиллар тўгаракларини олиб бориш учун тажрибали ўқитувчилар қамраб олинган.

«Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросимида рамзий калит оромгоҳ директори З.Сайтбековага топширилди. Тантанали очилиш маросим концерт дастури билан давом этди.

Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов иштирок этди.

 

Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА