Яқин кунларда ЎзА сайтида “Адабиёт” рукни ишга туширилиши режалаштирилган. Унда мумтоз ва замонавий адабиётимиз вакилларининг асарларидан намуналар ҳавола этиб борилади. Янги лойиҳа аввалида Сиз – муштарийлар эътиборига Алишер Навоий ғазалларидан тақдим қилмоқдамиз.
Йигитлигимда эдим мубтало йигитларга,
Қариб ҳам ўзни тилармен фидо йигитларга.
Юзи сариғ, боши оқ бир қари гар ўлса, не ҳайф,
Энги қизил,кўзи,қоши қаро йигитларга.
Десанг қариб бўлайин зуҳду офият бирла,
Магарки бўлмағасен ошно йигитларга.
Тилар эсанг қарилиқ иззу рутбасини, магар
Кўнгулни бермагасен дилрабо йигитларга.
Нечаки бўлса йигитликда шўхлиқ матлуб,
Вале адаб била хуштур ҳаё йигитларга.
Қариға ҳар неча бўлса ситам йигитлардан,
Не бўлғуси қаридин жуз дуо йигитларга.
Не навъ зуҳд ила тақвони асрайин маҳфуз,
Ки учрадим қариликда бало йигитларга.
Етар азоб қариб, нохалаф ўғуллардин,
Нечаки тутсам ўзумни ато йигитларға.
Чу ҳусн бўлди, вафо истаманг йигитлардин,
Ки Тенгри бермади ҳусни вафо йигитларга.
Нечаки маст йигитларни аҳли ишқ тилар,
Валек ишқдурур порсо йигитларга.
Навоиё, қарисанг ҳам жаҳонда бир неча кун
Рафиқ бўл, тилар эрсанг наво йигитларга.
***
Дўстлар, олам элига ёру ҳамдам бўлмангиз,
Ёр ила ҳамдам демайким,ошно ҳам бўлмангиз.
Ошнолиғ айлабон ўз жонингизга ҳар замон,
Боиси юз минг балову меҳнату ғам бўлмангиз.
Еб парийвашлар фиребин, сўнгра топмай илтифот,
Мен киби девонаву расвойи олам бўлмангиз.
Васлу айш обод қилсун халқни,эй дарду ғам,
Сиз бузуғ кўнглумдин ўзга ерга марҳам бўлмангиз.
Эй висол аҳли,ул ойнинг дарди ҳажридин мени,
Кўп кўруб ғамнок сиз ҳам асру хуррам бўлмангиз.
Эй харобот аҳли, йўқ инсонда имкони вафо,
Мастлиғдин дев ўлунг, зинҳор одам бўлмангиз.
Гар Навоий васл аро бўлди залил,эй аҳли васл,
Эмди навбат сизгадур, мунча муаззам бўлмангиз.
***
Эй сабо, ҳолимни арз эт гулруху таннозима,
Эгма қаддимнинг саломин айт сарвинозима.
Айт кўптин кўпу оздин оз ашким шарҳини,
Дарду сабрим нақди садқанг, боқма кўпу озима.
Чунки ўлгум ёшурун ишқим баён қил шаммас,
Воқиф этма лек ишқи аҳлин бу махфий розима.
Новакандозимки элни йиқти кўп андозадин,
Ваҳки, эмди тортмиш новак менинг андозима.
Ул кабутарға фидо жонимки, шавқум номасин,
Қилса таслим элтибон шўхи кабутарбозима.
Чангдек ғам базмида қаддим ҳам ўлди, эй рафиқ,
Ашк ҳар торидин ортар нолае бу созима.
Эй Навоий, ишқ аро қочма балодин зинҳор,
Чунки ошиққа балокашлик келибтур лозима.