Архивлар – тарих кўзгуси , ҳужжатли асосга таянган йирик ахборот манбаи...

9 июнь – Халқаро архивлар куни
Архивлар – давлатнинг тарихини ўзида мужассам этган ҳужжатли асосга таянган йирик ахборот манбаидир, шу сабаб «Архивлар –тарих кўзгуси» дея эътироф этилади.
9 июнь куни бутун дунёда «Халқаро архивлар куни» кенг нишонланади. Шу ўринда мазкур сананинг нишонланиши тарихига бироз назар ташласак…
Ҳар йили нишонланадиган 9 июнь – Халқаро архивлар куни Халқаро архивлар кенгаши томонидан 2007 йилда Квебекдаги (Канада) Бош ассамблеясида ташкил этилган.
Мазкур сананинг танланиши ҳам бежиз эмас, зеро 1948 йилда айнан шу санада ЮНEСКО қарори билан ва унинг ҳомийлигида Халқаро архивлар кенгаши ташкил топган. Халқаро архивлар кунининг биринчи бора нишонланиши 2008 йилда Халқаро архивлар кенгаши ташкил топганлигининг 60 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бўлиб ўтган. Бугунги кунга келиб, Халқаро архивлар кенгашида 199 та давлатдан 1900 га яқин аъзолари мавжуд.
Кенгашнинг асосий вазифаси дунё архив меросини сақлаш, муҳофаза қилиш ва кенгайтириш ҳамда халқларнинг ўз тарихини ўрганиш ва билишга оид бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда ёрдам беришдир.
Архивлар куни – архив иши ютуқлари ва муаммоларига кенг жамоатчиликни ва қарорлар қабул қиладиган шахсларнинг эътиборини қаратиш мақсадида ўрнатилган санадир. Мазкур сана кенг миқёсда барча архив ходимлари томонидан касб байрами сифатида нишонланади.
«Ўзархив» агентлиги 2009 йилдан Халқаро архивлар кенгашининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. У Кенгашнинг Евросиё бўлинмасига аъзо сифатида киритилган бўлиб, мазкур бўлинма таркибига Арманистон, Беларусь, Грузия, Қирғизистон, Қозоғистон, Молдова, Монголия, Россия, Украина архив хизматлари ҳам кирган.
Ўзбекистон архивчилари Халқаро архивлар кенгаши Евросиё бўлинмасининг барча анжуманларида (ҳар йили бўлиб ўтади), шунингдек Халқаро архивлар кенгашининг конгрессларида (ҳар 4 йилда бир маротаба бўлиб ўтади) мунтазам иштирок этиб боради. Ушбу анжуманлардаги Ўзбекистон архивлари вакилларининг иштироки дунёдаги архив иши соҳасини ривожлантиришга қаратилган янгича ёндашувлар, методологияларни республика архивларига жорий этиш, ходимларнинг малакаларини ошириш, тажриба алмашиш, Ўзбекистон архивларининг бой тарихий меросини дунёга танитишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан Ўзбекистон марказий давлат архивлари негизида Ўзбекистон миллий архивлари ташкил этилганлиги уларнинг Халқаро архивлар кенгашига мустақил аъзо бўлиш имкониятини яратди.
Республикамизда ҳар йили 9 июнь – Халқаро архивлар кунини нишонлаш доирасида янги қурилган ёки капитал таъмирдан чиққан архив биносини фойдаланишга топшириш, ёш архивчилар форумини ва бошқа қатор тадбирларни ўтказиш анъанага айланган.
ЎЗБЕКИСТОН АРХИВЛАРИ ТЎҒРИСИДА ҚИЗИҚАРЛИ МАЪЛУМОТЛАР:
Ўзбекистон архивларида сақланаётган энг қадимий ҳужжат IX асрга тегишли бўлиб, у Бухоро шоҳи Исмоил Сомонийнинг ўз авлодларига атаб вақф қилинган ерлар ҳақида;
Архивларда 1500 дан ортиқ вақф ҳужжатлари коллекцияси сақланиб, уларнинг энг узуни 83 метр, энг қисқаси 20 сантиметрни ташкил этади;
Ҳужжатларнинг асоси – тери, қоғоз, калька, шаклланиши – нақшинкор, рангли тусларда;
Сақланаётган қадимий ҳужжатлар асосан араб, форс-тожик ва эски ўзбек (турк), рус тилларида;
Архив ҳужжатлари даврийлиги нуқтаи назардан уч даврни, яъни тарихий давр (1917 йилгача бўлган), Шўролар даври (1917-1991 йилгача) ва Мустақиллик даври (1991 йилдан то ҳозирги кунга қадар) ташкил этади;
Архивларда 800 минг сақлов бирлигидан ортиқ алоҳида қимматли ҳужжатлар сақланмоқда, улар жумласидан, «Вақф ҳужжатлари коллекцияси» (IХ асрдан – XХ аср бошигача), «Хива хонлари канселярияси » (XVII аср боши – XХ аср бошигача), «Бухоро амирлиги» (XIV аср боши – XX аср бошигача), «Қўқон хонлиги» (XVIII аср боши – XIХ аср охиригача) ва бошқалар;
Сақланаётган ҳужжатларнинг ноёблиги ва дунё тамаддуни тарихидаги ўрнининг аҳамиятли эканлигини инобатга олиб, ЮНEСКО томонидан 2017 йилда «Хива хонлари канселярияси» ҳужжатлари (20 минг сақлов бирлигидан ортиқ) “Жаҳон хотираси” дастурининг Халқаро рўйхатига киритилди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари архивлари орасида Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт миллий архиви биринчи бўлиб ва бугунги кунда ягона ISO 9001:2008 сифат менежменти тизими сертификати ҳамда ISO 37001:2016 коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими сертификатига эга бўлди ва бугунги кунда «Сифатли ҳамда аниқ муддатда архив хизматларини кўрсатиш» шиорига амал қилган ҳолда фаолият юритмоқда.
Шу ўринда 9 июнь – Халқаро архивлар куни муносабати билан барча архив ходимларини, шу жумладан вазирлик, идора ва ташкилотларнинг идоравий архивлари ходимларини касб байрамлари билан қутлаймиз.
Дилдора Кучарова, «Ўзархив» агентлиги директори ўринбосари

 

ЎзА