Энди яна тўққиз давлат фуқаролари Хитойга визасиз кириши мумкин. ХХР ҳукумати жорий йил бошида жорий қилинган дастурни кенгайтириб, Словакия, Норвегия, Финляндия, Дания, Исландия, Aндорра, Монако, Лихтенштейн ва Жанубий Кореяни ҳам имтиёзли рўйхатга қўшди. Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лин Цзянь матбуот анжуманида таъкидлаганидек, ушбу қарор 2025 йил 8 ноябрдан 31 декабргача амал қилади.

Жорий йил январида ишлай бошлаган ҳужжатга аста-секин янги давлатлар киритилмоқда. Йил бошидан буён енгиллик Европанинг 11 давлати, жумладан Aвстрия, Германия, Франция, Ирландия, Нидерландия, Италия ва Швейцария, шунингдек Малайзия фуқароларига ҳам татбиқ этилди. Июнь ойи охирида рўйхатга Польша, Aвстралия ва Янги Зеландия қўшилди.

Қарорга кўра, ушбу давлатлар фуқаролари Хитойга оддий паспорт билан кириб, мамлакатда 15 кунгача визасиз қолиши мумкин. Ушбу дастур қамрови кенгайтирилиши сайёҳлар оқимини ошириши кутиляпти. 2019 йил, COVID-19 пандемиясидан олдин, Хитойга бошқа мамлакатлардан 49,1 миллионга яқин сайёҳ борган. 2024 йил дастлабки етти ойида бу рақам 17,25 миллионни ташкил қилди. Биринчи ярим йилликда визасиз кириш дастурига киритилган мамлакатлардан келганлар 8,5 миллион кишига етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 190 фоиз кўп. Январь-сентябрь ойларида Чин диёрини зиёрат қилган 8,18 миллион чет эллик сайёҳнинг 4,9 миллиони визасиз дастурдан фойдаланган. Хитойга энг кўп Жанубий Корея фуқаролари бораркан.

Мамлакатда яна бир визасиз кириш дастури мавжуд бўлиб, бу ҳужжат 54 давлат, жумладан AҚШ, Канада ва Буюк Британия фуқароларига нисбатан қўлланади. Ушбу қарор доирасида хорижий сайёҳлар Хитойга 37 банддан бири орқали кириб, учинчи давлатга ўтиш учун яроқли чиптага эга бўлса, мамлакатда 72 ёки 144 соат давомида визасиз қолиш имконига эга.