Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг таклифига биноан Саудия Арабистони Подшоҳлиги Бош прокурори Шайх Сауд Абдуллоҳ Аль Муажиб бошчилигидаги делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Бош прокурори Шайх Сауд Абдуллоҳ Аль Муажиб учрашуви бўлиб ўтди.

Конструктив мулоқот давомида томонлар ҳуқуқий ҳамкорлик масалалари, шунингдек, икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, Н.Йўлдошев делегация вакилларини мамлакатимизда давлат раҳбари бошчилигида ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирди.

Ишчан ва дўстона руҳда бўлиб ўтган учрашув якуни бўйича томонлар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат идоралараро ҳамкорликни ривожлантиришда янги туртки бўлишига ишонч билдирилди.

Ташриф давомида делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси прокуратураси музейига ташриф буюриб, тузилманинг кўп йиллик тарихи, тажрибаси ва фаолияти билан яқиндан танишди.

Делегациянинг ташрифи давом этмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА