Тошкентда 8 июндан бошлаб автобуслар ҳаракати тикланади

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 8 июнь кунидан бошлаб «сариқ» ва «яшил» тоифасига кирувчи ҳудудларда, шу жумладан, Тошкент шаҳрида автобус йўналишлари фаолиятини қайта тиклаш белгиланди.

Бугунги кунда, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибига кирувчи жами 16 та автокорхоналарга (шундан 8 та автобус саройлари ва 8 та хусусий ташувчилар) жами 152 та автобус йўналишлари (шундан 135 таси автобус саройларига ва 17 таси хусусий корхоналарга) бириктирилган бўлиб, ушбу йўналишларга режа бўйича жами 1230 та автобуслар (шундан 1121 та автобус саройлари бўйича ва 109 та хусусий корхоналар бўйича) ишга чиқарилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Махсус комиссия баёни қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда, 2020 йилнинг 8 июнь кунидан бошлаб «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибига кирувчи автокорхоналар томонидан 131 та йўналишларга 1067 та турли русумдаги (Мерседес Бенс, МАН, САЗ ва Исузу) автобуслар ишга чиқарилади.

Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент, Зангиота туманлари «қизил» ҳудуд деб эълон қилинганлиги муносабати билан автокорхоналарга бириктирилган – Тошкент вилоятининг юқорида келтирилган туманлари ҳудудигача ҳаракатланувчи 21 та (8т, 9, 16, 25, 42, 56, 65, 74, 84, 101, 103, 115, 120, 134, 135, 144, 145, 148, 188, 198, 199-сонли) автобус йўналишлари вақтинчалик фаолият юритмайди.

Йўловчилар ташиш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 3 та (75, 106, 160-сонли) автобус йўналишларининг фаолияти фақатгина Тошкент шаҳри ҳудудида Тошкент вилояти ҳудудига ҳаракатланмаган ҳолда ташкил этилади.

Фаолияти қайта тикланадиган йўналишларнинг ҳаракати Махсус комиссия баёни қарорига кўра, соат 6:00 дан 22:00 гача ташкил қилинади.

Барча автобус саройлари раҳбарлари томонидан йўналишларнинг сўнгги бекатларида навбатчилик ташкил қилинади.

Йўналишларнинг сўнгги бекатларида автобусларни доимий равишда ҳар бир қатновга жўнашдан олдин тўлиқ дезинфекция қилинади.

Ҳайдовчилар тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан таъминланади ва ўз вақтида алмаштирилиши таъминланади.

Автобуслар салонига фақатгина тиббий ниқобдаги йўловчиларни киритилади.

 

ЎзА