Меҳмонлар дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб, беморларни даволашнинг бугунги ҳолати билан яқиндан танишди. Шу ернинг ўзида юқумли касалликлар шифохонаси ва бошқа даволаш муассасалари шифокорлари иштирокида онлайн видеомулоқот тарзида семинар ташкил этилди. Мутахассислар коронавирусга чалинган беморларни даволашда ўзларининг маслаҳатларини берди. Эпидемиолог, инфекционист ва бошқа шифокорлар билан беморларни анъанавий Хитой табобати ёрдамида даволаш бўйича ўз маҳоратлари билан ўртоқлашди.
– Ташриф давомида тиббиёт муассасаларида беморларни даволаш ва уларга тиббий хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилганининг гувоҳи бўлдик, – дейди делегация раҳбари, Цзянси провинцияси Соғлиқни сақлаш бюроси раиси ўринбосари Луо Лишенг. – Айниқса, карантин тадбирларининг ўз вақтида самарали амалга оширилгани, тегишли муолажаларнинг тўғри ташкил этилганлиги, тиббиёт ходимларининг етарли даражада ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги туфайли коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт ходимлари ва оғир ҳолатдаги беморлар йўқлиги яхши натижадир. Шу нуқтаи назардан, мамлакатингизда коронавирусга қарши курашиш борасида самарали усуллар қўлланилган ва бу бўйича амалга оширилган ишларни юксак баҳолаймиз.
Тиббиёт ходимларининг куну-тун самарали меҳнати туфайли коронавирусга чалинган беморлардан бугунги кунгача 29 нафари соғайиб оиласига қайтгани, яқин кунларда яна бир гуруҳининг бутунлай соғайиб чиқиши кутилаётгани Чин ўлкасидан ташриф буюрган мутахассислар томонидан юксак эътироф этилди.