Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам китобсеварлар ҳафталиги тадбирлари ўтказилмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва тарғибот маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ҳафталик аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Нукус шаҳридаги “Истиқлол” болалар дам олиш марказида ташкил этилган шундай тадбир янги китоблар тақдимоти ва бадиий адабиётлар кўргазмаси билан бошланди. Ёшларнинг таниқли шоир ва ёзувчилар билан учрашуви қизғин мушоирага айланиб кетди.
Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матёқубова, шунингдек, Шарапатдин Аяпов, Туркменбой Жиемуратов, Муратбой Низанов каби таниқли ижодкорлар китоб танлаш ва мутолаа маданиятини шакллантириш ҳақидаги қизиқарли фикрлари билан ўртоқлашди.
– Маҳаллаларда ўтказилаётган бундай ижтимоий, маънавий-маърифий тадбирлар оилада китобхонлик муҳитини қарор топтириш, ёш авлоднинг китобга қизиқишини оширишда яхши самара беради, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Нукус шаҳар бўлинмаси бош мутахассиси Узипа Қалмуратова. – Ҳафталик доирасида ўтказилаётган учрашувлар ва китобхонлик кечаларига муаллифлар ҳам таклиф этилаётгани барчага манзур бўлмоқда.
Тадбирда ёшларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Нукус шаҳар бўлинмаси ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар кенгаши томонидан китоблар совға қилинди.
Китобсеварлар ҳафталиги Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида ўтказилмоқда.