Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 1054 нафарни ташкил этди. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 101 беморнинг 27 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи нисбатан оғирроқ. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 101 бемордан 4 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
Ҳурматли юртдошлар!
Мамлакатимизда карантин тадбирлари давом этаяпти. 81мингдан кўпроқ ҳолатда фуқароларимиз уй ва стационар шароитда карантин муддатини ўтаяпти. Маълумотларга кўра, карантин тадбирларини бузганлар сони 55 мингдан ортиб кетди. Бундай фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробаридан 30 баробаригача, раҳбар ходимларга 30 баробаридан 50 баробаригача жарима қўллаш белгиланган. Балки сиз учун бу унчалик катта маблағ эмасдир. Лекин оилангиз, яқинларингиз саломатлигини хавфга қўймасдан, карантин тадбирларига риоя қилинг, уйда қолинг!
Қанчалик огоҳ, сергак, оилангиз, саломатлигингиз олдида масъул бўлсангизгина вазиятни жиловлай олишимиз мумкин. Билингки, вазият ҳар биримизнинг ҳаракатимиз билан узвий боғлиқ.
ЎзА