УЙДА ҚОЛИНГ

Уйда қолинг

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан
Бу синовда ҳар одамки ўйда қолар,
Уйингиз бор қоларга лек, дунёдаги
Юз миллионлаб уйи йўқлар қайда қолар.

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан
Ахир бунда ҳар ким иззат-сийда қолар,
Бу дунёда қанча қашшоқ, қанча қуллар
Улар эшик ортида не куйда қолар.

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан
Сиздаги бу осудалик ойда қолар,
Қанча одам урушларда, қирғинларда
Отилган ўқлардан пана жойда қолар.

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан
Майли, бундан еру-осмон ором олар,
Дунёни сиз қутқарасиз балолардан
Англаган ҳар кимса бугун уйда қолар.

Уйда қолинг, қолингким шукрона билан
Синовларда дўсту-душман ўйда қолар
Шундай бир халқ, бир вирусга бас келмасак
Уч минг йиллик қудратимиз қайда қолар!

Назира МАТЯҚУБОВА, 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

ЎзА