Чигит экиш давом этмоқда

Эл бошига иш тушганда 

Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида айни кунларда чигит экиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Тумандаги “Найманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор, “Дўстлик” ордени соҳибаси Қизларгул Жуманиязова раҳбарлик қилаётган “Санобар Сапарбаева” фермер хўжалиги даласида бўлганимизда, бунинг гувоҳи бўлдик. Фермер хўжалигида жами 52 гектар экин майдони бўлиб, шундан 40 гектарига чигит экилади. Ушбу ишларга 3 та трактор ва бошқа агрегатлар жалб қилинган. Ҳар куни 6-7 гектар майдонга чигит экилиб, қисқа муддатда якунлаш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирги карантин шароитида экиш ишларида қатнашаётган ишчи-ходимлар зарур ҳимоя воситалари, тиббий ниқоблар билан таъминланган. Бундан ташқари, пиллачилик ва боғдорчилик билан ҳам шуғулланиладиган хўжаликда сабзавот экинлари учун экин майдонлари тайёрланмоқда. Фермер хўжалигида 15 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган бўлиб, 35 нафар киши мавсумий ишга жалб этилади.

7.JPG

– Ўтган йили пахтачиликнинг ўзидан 154 миллион сўм соф фойда олинган бўлса, жорий йилги режамиз бундан ҳам юқори, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Қизларгул Жуманиязова. – Чунки давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар каби қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, фермер хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, пахта ва ғалла етиштириш бўйича давлат буюртмаси бекор қилингани, пахта ва ғалла етиштиришнинг кластер шаклига босқичма-босқич ўтказилаётгани бунинг яққол исботидир. Туманимизда ҳам “Тахиатош ТЕХ” масъулияти чекланган жамияти пахта тўқимачилик кластери ташкил этилди. Бунинг афзаллиги ҳозирданоқ кўзга ташланмоқда. Авваллари экиш даврида ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит ва гербицид таъминотида муаммоларга дуч келардик. Ҳозир эса, муаммо йўқ, ҳаммаси ўз вақтида етказиб берилмоқда. Бундай имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ҳар гектар майдондан олинадиган ҳосилдорликни янада кўтаришни, ундан келадиган даромадни оширишни мақсад қилганмиз.

13.JPG

–Чигит экиш мавсумини қисқа муддатда якунлаш бўйича барча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Салаўат Сабиров. – Бунинг учун 14 та отряд ташкил этилиб, 29 та ҳайдов трактори, 7 та ОВХ пуркагич ва зарур агрегатлар билан таъминланди. Экиш даврида фермер хўжаликларига ёқилғи-мойлаш материалларидан хизмат кўрсатадиган 3 та шохобча бириктирилди. Шунинг натижасида “Найманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Айасил қонат”, “Алишер”, “Ибраҳимбек Тахиатош”, “Кенегес” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қуўаниш”, “Жаҳонгир Дурдибоев” , “Туреев Султамурат”, “Сарайкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Азамат”, “Гочмедова Бибиноз” каби фермер хўжаликларида экиш ишлари агротехник тадбирлар асосида жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Тумандаги пахтачиликка ихтисослашган 56 та фермер хўжалиги 2600 гектар майдондан 5600 тонна пахта хом ашёси етиштириш бўйича “Тахиатош ТЕХ” масъулияти чекланган жамияти пахта тўқимачилик кластери билан шартнома асосида фаолият олиб бормоқда. Бутун дунёни ларзага келтирган коронавирус эпидемиясига қарши кураш олиб борилаётган бир вақтда деҳқонларимиз барча ҳимояланиш чораларини кўрган ҳолда барака уруғини қадашда фидокорона меҳнат қилмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА