Иш ҳақида узилиш бўлмайдими?

Адлия вазирининг ўринбосари Худоёр Мелиев онлайн равишда брифинг ўтказди. 
Брифингда Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти тушунтириб берилди.
Сир эмас, аҳоли орасида кўплаб дорихоналарга тиббий ниқоблар йўқлиги, карантинда уйда қолаётган ходимлар иш ҳақи бўйича турли саволлар пайдо бўлмоқда.
Х.Мелиев ушбу жиҳатларга тўхталар экан, биринчи навбатдаги дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмларнинг (дезинфекция воситалари ва бошқалар) аҳолига қатъий белгиланган нархларда узлуксиз етказиб берилишини назорат қилинишини маълум қилди.
Аҳолининг реал дарамодлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида ишчиларга ойлик иш ҳақлари узлуксиз ва ўз вақтида тўланишини таъминлаб борилади. Республикадаги бандлик даражаси тушиб кетмаслиги бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирларни амалга оширилади.
Фуқаролар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, 2020 йил 24 март соат 00.01 дан бошлаб инфекция республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига кириш (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл транспорти воситалари орқали) тўхтатилади.
Тошкент шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади.
Давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар “онлайн” режимга ўтказилади.
Онлайн брифингда қарорнинг шу каби барча жиҳатлари тушунтирилибгина қолмай, қарор ижроси шахсан Бош вазир назоартида эканини қайд этиб ўтилди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА