Беларусь Республикаси Президентидан пискентлик отахонга мактуб келди

“75 йилдирки, Белорусь халқи тинч осмон остида яшамоқда. Бу оловли уруш йилларида босқинчиларга қарши ўз жонини ўйламай фидокорона кураш олиб борган қаҳрамон жангчилар туфайли…

Азиз ветеранлар! Сизга мустаҳкам соғлик, барча яхшиликлар ёр бўлсин! Чуқур ҳурмат билан Белорусь Республикаси Президенти А.Лукашенко”.

Тошкент вилояти Пискент туманида умргузаронлик қилаётган Сирожхон ота Саидмаҳмудовга Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенкодан келган мактубда ана шундай миннатдорчилик сўзлари қайд этилган.Отахон хатга термулганча, узоқ ўйга толади. Назаримда, ўша лаҳзалар отахоннинг кўз ўнгидан бундан 75-80 йиллар аввалги хотиралар – оловли уруш йиллари, қон кечиб ўтган ёшлиги, Беларуснинг Мелинск ва Смоленск шаҳарлари ҳимояси учун жангларда кечган воқеалар тафсилоти кино тасмасидек бирма-бир ўтди.

photo5456471039073693764.jpg

Сирожхон ота Саидмаҳмудов 1942 йилнинг сентябрь ойида Беларуснинг Мелинск шаҳрига ҳарбий хизматга чақирилди. Қарийб 100 ёшни қаршилаётган отахон ўша пайтлар айни навқирон, 18 ёшли йигит эди.

– Мелинскда 5 ой ҳарбий санъатдан сабоқ бериб, урушга тайёрлашди, – хотирлайди отахон. – Ўша пайтлар шаҳар жуда қаттиқ совуқ эди. Ёғаётган қор бел баробар бўлишига қарамай тайёргарлик ўта кучли эди. Бир соат дам олиб, яна тайёргарлик давом этарди. Ҳарбий тайёргарликдан сўнг бизни Смоленск шаҳри мудофаасига юборишди. Бир жангда оёғимдан яраландим. 4 ой Москвада даволаниб, яна фронтга қайтдим. Беларусь, сўнгра Украинада ўтган қонли жангларда қатнашдим. Ўшанда оёғим иккинчи марта яраланди. Сочида даволаниб, яна урушга қайтдим.

Отахоннинг эслашича, улар 1945 йилда Германиягача кириб борган. Ғалабага эришиб, яна 4 ой ўша ерда хизмат қилган.

– Урушдан қайтганимдан кейин хўжаликда оддий ишчи бўлиб ишлай бошладим. Оила қуриб, тўрт ўғил, бир қизни вояга етказдик. Ҳамма-ҳаммаси аввало тинчлик, сабр-қаноат, ҳалол меҳнат туфайли албатта. Яна бир узоқ йиллик орзуйим бўларди – ҳаж сафари. Яратганга минг шукр, мана шундай замон шарофати билан ушбу орзуйим ҳам ушалди.

Ўзаро меҳр-оқибат, хайр-саховат, шарқона янги йил айёми – Наврўз байрами арафасида туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилот масъуллари Сирожхон ота Саидмаҳмудов хонадонига ташриф буюриб, II жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан отахонга Белорусь Республикаси Президентининг миннатдорчилик дил сўзлари битилган мактуби ва медални тантанали топширди.

 

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА