Карантин вақтида коммунал тўловлар учун жарима ва пенялар жорий этилмайди, судга даъво аризалари киритилмайди

Мамлакатимиздаги бугунги вазият барча ташкилотлар учун ҳам катта масъулият юклайди, ҳамжиҳатликда ишлашни, бир-биримизни қўллаб-қуватлашни талаб қилади.
Шундай вазиятда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги аҳолига қулайлик яратиш борасида қандай тадбирларни амалга оширмоқда?
Бугун уй-жой коммунал хизмат хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров “UzReport TV” телеканалида ўтказилган онлайн брифингда бу ҳақда атрофлича маълумот берди.
– Карантин шароитида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тасарруфидаги ҳудудий коммунуал хизмат кўрсатиш бошқармалари, сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари барқарор фаолият юритмоқда, – деди Н.Назиров. – Аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш, ичимлик суви ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун барча чоралар кўрилган. Сув таъминоти корхоналари кучайтирилган иш режимига ўтказилган. Республикамизда 45 сув тозалаш, 10570 сув олиш, 477 гуруҳли сув олиш, 1000 дан ортиқ сув тақсимлаш иншоотида ичимлик суви хлор ёки ультрафиолет нурлари билан зарарсизлантирилмоқда. Ичимлик суви аҳолига гигиена талабларига мос равишда етказиб берилмоқда.
Мамлакат бўйича 196 мингта ичимлик суви намуналари олинадиган назорат шохобчаси ташкил этилган. Сув таъминоти иншоотлари, санитария муҳофаза қилиш зоналари доимий кузатувда. Ичимлик ва оқова сувларни зарарсизлантириш учун зарур хомашё етарли. Жумладан, 170 тоннадан ортиқ суюқ хлор ва гипохлорид жамғарилган.
Марказлашган тизимга уланмаган аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам талаб даражасида ташкил этилмоқда. Хусусан, 1735 олис аҳоли пуктига, 1100 дан ортиқ ижтимоий муассаса объектига тоза ичимлик суви етказиш мақсадида 2 мингга яқин махсус техника жалб этилган.
Вазирлигимиз сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда ичимлик суви, канализация тизимлари билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган турли ҳолатларда барча ҳудудларда ташкил этилган диспетчерлик хизматлари ва навбатчи авария гуруҳлари телефон рақамлари эълон қилинган. Ичимлик суви таъминоти бўйича юзага келган муаммолар бўйича вазирликда ташкил этилган “1184” қисқа рақамли телефонга мурожаат этиш тавсия этилади.
Карантин пайтида тегишли ташкилотлар билан биргаликда кўп қаватли уйларни, уларга туташ ҳудудларни дезинфекция қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда.
Шу кунларда халқимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида ичимлик суви, оқова сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматларга кечиктирилган тўловлар учун жарима ва пенялар жорий этилмайди. Қарздор истеъмолчилар бўйича судларга даъво аризалари киритилмайди. Истеъмолчилар сув ва канализациялар тармоқларидан узилмайди.

 

Насиба Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА