Кўп йиллардан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида раҳбар лавозимларда фаолият юритиб келган давлат арбоби, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори Мақсуд Ибрагимовни халқимиз Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланиб келаётган олим сифатида яхши танийди.
Етмиш ёшни қаршилаган эл оқсоқоли – тиниб-тинчимас одам. У жуда банд инсон бўлишига қарамасдан, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчси билан илмий янгиликларини бўлишишга рози бўлди.
– Мақсуд Юлдашевич, Орол фожиаси натижасида биринчи навбатда халқимиз, сўнгра бутун дунё жабрланаётгани бот-бот такрорланиб келинмоқда. Унинг оқибатларини енгиллаштириш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар олиб борилди. Хўш, аҳвол ўзгардими?
– Биринчидан, Орол денгизининг суви тортилиб, қуриб қолган ултонида янги тўпроқ қатламининг пайдо бўлиш жараёни амалга ошмоқда. Табиий тарзда ўт-ўланлар ўсиб чиқмоқда. Демак, қуриб қолган майдонлар заҳарли чанг-тўзонлардан тозаланиб, бу ердаги тупроқ ҳосилдорлиги ортмоқда. Иккинчидан, ҳозирги пайтда сувсизланиб қолган майдонларда юз минглаган гектар ерларга ўрмон хўжаликлари томонидан қўлда ўсимликлар (саксавул, қандим ва ҳоказо) экилиб, ўрмонлар барпо этилмоқда. Орол денгизининг 5,5 миллион гектар майдонидаги қуриб қолган ерларнинг камида 3,5 миллион гектар ерида табиатнинг кучи билан ўт-ўланлар ўсиб кетса, бу ерларда улкан яйлов майдонлари пайдо бўлиши мумкин.
Ҳозирги пайтда экологик вазиятлар сабабли Қизилқум ва Устюрт яйловларининг табиий ҳосилдорлиги камайиб бормоқда. Шу сабабли денгизнинг сувсиз майдонларини чорвачилик учун яйлов сифатида фойдаланиш келажакда долзарб муаммога ечим бўла олар эди. Бу чоралар узлуксиз амалга оширилса, ҳудуддаги экологик аҳвол ҳам яхшиланиши кутилмоқда.
– Ултоннинг ўт чиқмайдиган ерларидаги чанг-тўзонлар ҳали ҳам кўтарилишда давом этмоқдами?
– Бунинг ҳам чораси топилди. Яқинда Қорақалпоқ давлат университетининг Экология ва тупроқшунослик кафедраси докторанти Махмуд Алламуратов илмий янгилик очди: у денгизнинг ўсимлик ўсмайдиган қумли ерларида қумларнинг кўчишини тўхтатиш учун сепиладиган (пуркаладиган) кимёвий бирикмани ихтиро қилди. «Аму 1», «Аму 2» номи берилган ушбу бирикмалар қумнинг юзасини 8 миллиметр қалинликда қотириб ташлайди. Ҳар ёмғир ёғиши бирикманинг мустаҳкамланишига замин яратади.
– Орол денгизига сув олиб келишнинг имкони бор экан. Сиз яқинда ўтказилган илмий-амалий конференцияда шу масалани кўтарган эдингиз. Демак, денгизни тўлдириш мумкин, шундайми?
– Жиззахда катта кўллар тизими бор. 1969 йили Сирдарё сувининг тўлиб, 21 куб километр сувнинг қирғоқларидан чиқиб кетиши натижасида пайдо бўлган ушбу Айдар-Арнасай кўллар тизими ҳозир Қизилқумни ботқоқликка айлантирмоқда. Чунки, 1993 йилдан буён бир неча бор Сирдарёнинг ортиқча суви шу кўлларга қуйилиб, кўллар тизимининг майдони йилдан-йилга катталашиб бормоқда. Унинг сувини бекорга чўлга оқизиб юборилгандан кўра, Орол денгизига қуйишнинг чораси кўрилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан, албатта, денгиз тўлиб қолмайди, лекин унинг минерализацияланиш (туз кўламининг ортиши) даражасининг пасайишига хизмат қилади.
– Нима сабабдан Сирдарёнинг суви ҳали ҳам бу кўллар тизимига келиб қуйилмоқда?
– Сирдарёнинг суви Қозоғистон томондаги плотинадан тўлиқ ўтмайди. Плотинадан сувнинг ҳаммаси ўтиб кетиши ҳисобга олинмаган. 1969 йили бу кўлларнинг умумий майдони 2 минг 175 квадрат километрни ташкил қилган бўлса, ҳозир 4 минг квадрат километрдан ортиб кетди. Сўнгги маълумотларга қараганда, 200 минг гектар яйловлар сув остида қолган, сув қудуқлари, балиқчиларнинг яшаш жойлари ювилиб кетган, Қизилқум чўлини ботқоқлик эгаллаб бормоқда. Ҳозир бу кўллардаги сув юзага келган вақтдагидан 3 баробар кўпайиб кетди. Бундан ташқари ер ости сувларининг, коллектор-дренаж сувларининг ҳам шу ерга тўпланиши кўллар тизимининг тузланиш даражасини янада орттирмоқда.
– Айдар-Арнасай кўллар тизими Орол денгизи томон йўналтирилди ҳам дейлик, кейин шу ердаги балиқчилик туфайли кун кечираётган халқнинг аҳволи қандай бўлади, шунингдек, кўллардаги балиқлар, тирик жонзотларга нима бўлади? Бу жараён шу ҳудуддаги климатнинг бирданига ўзгариб кетишига олиб келмайдими?
– Илгари ҳам айтганимдек, кўлларнинг майдони ортгани сари кўплаб яйловларни, қамишзорлар ва ўрмонларни сув босиб бормоқда. Ўзгидрометнинг, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги балиқчилик Марказининг ўтказган тадқиқотлари шуни кўрсатдики, сув остига чўккан қамишлар билан дарахтлар кўлларнинг тубида чириб, сероводород қатламини пайдо қилмоқда. Бу қатлам кўллардаги барча жонзотларнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлади. Маълумотларга қараганда, 3 метр чуқурликда заҳарли аммоний азоти борлиги, айрим жойларида умуман кислороднинг йўқлиги аниқланган.
Нима бўлганда ҳам, сув cатҳининг бундан ҳам кўтарилиши (ҳозир максимал кўрсаткичга етган – денгиз сатҳидан 275,5 метр баланд) Марказий Осиёнинг қоқ марказида экологик фалокатнинг юз беришига олиб келади. Чунки, кўллардаги тузларнинг кўтарилиши ва Тянь-Шань музликларига тушиши натижасида улар жадал тарзда эришни бошлайди. Шу кўлларга яқин масофада жойлашган заҳарли химикатлар сақланиб келаётган пунктлар, қум барханлари сув тагида қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Сувнинг бир кўтарилиб, бир қайтиши электр узатиш линияларининг кўпчилигини сув остида қолдирмоқда. Шунинг учун кўпчилик ферма ва аҳоли яшаш пунктлари электрсиз қолмоқда.
Айдар-Арнасай кўллари акваториясининг кўпчилик бўлаги балиқ овлаш учун фойдаланилмайди. Давлат бионазорат (Госбиоконтроль) томонидан тайёрланган ҳисоботда кўлларни ижарага олган Жиззах вилоятининг фермерлари томонидан кўллар тизимининг фақатгина 41,1 фоизи фойдаланилаётгани эътироф этилган. Ижарачи-фермерларнинг кўпчилиги овланган балиқ соҳага сарфланаётган харажатни қопламаслигини айтиб, фаолиятини тўхтатмоқда. Тадқиқотлар ҳар бири 50 метрлик 30 тўрга 20-25 килограмм балиқ тушишини кўрсатди.
Ачинарлиси шуки, балиқчилар асосан жилкадан қилинган тўрлардан фойдаланишмоқда. Улар кўлларда йўқолиб, сув тубига чўкиб қолмоқда ва улар чиримаслиги сабабли сув тубини ифлосламоқда. Бундан ташқари, бу йўқолган тўрларга ҳамон балиқлар ўратилиб қолмоқда ва бекорга ўлиб кетишмоқда.
Бу ердаги иқлимга келадиган бўлсак, бундай катта ҳажмдаги кўлларнинг сувининг буғланиши шу ҳудуддаги климатга ҳозирнинг ўзида-ёқ ўз таъсирини ўтказмоқда.
Хуллас, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш Давлат қўмитасининг «Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳитнинг ва табийий ресурслардан фойдаланишнинг аҳволи тўғрисида»ги миллий баённомасида айтилишича, агар Айдар-Арнасай кўллар тизимига ҳар йили тоза сув келиб қуйилмаса, минерализация даражаси кўтарилиб боради ва сув ҳавзаси иккинчи Оролга айланиб қолади.
Профессор Оролни қутқариб қолишнинг яна бир йўлини айта туриб, бу орқали ҳеч бўлмаганда денгиз олди кўлларини сақлаб қолишимиз мумкинлигини айтиб кетди. Яъни, Республикамиз ҳудудидаги, шунинг ичида Жанубий коллектордаги барча заҳ сувларни денгизга ёки денгиз олди кўлларига томон йўналтириш чораларини кўриш зарур.
Шунингдек, Мақсуд Юлдашевичтиң фикрича, ҳозирданоқ жанубий Оролбуйи ҳудудларидаги экотизимда юз бераётган ҳодисаларни, экобиологик жараёнларни мукаммал ўрганадиган вақт келди.
М.ПИРНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистан ахборот агентлигининг шархловчиси.