ТИВ ўзбекистонлик талабаларнинг Россиядаги ётоқхоналардан чиқариб юборилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этди

Душанба куни айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда, гўёки, коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ватандошларимиз ётоқхоналардан чиқариб юборилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу хабарларга изоҳ билдирди.Мамлакатимиз ТИВнинг Telegram каналида бу ҳақда, жумладан шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида мавжуд маълумотларга кўра, мамлакат ҳукумати томонидан Ўзбекистондан ушбу давлат олий таълим муассасаларига келиб ўқиётган талабаларга нисбатан, уларнинг яшаш шароитини ва/ёки мамлакат ҳудудида бўлишини чеклаш билан боғлиқ ҳеч қандай чора-тадбирлар қўлланилмаган. Ўқув даргоҳлари ректоратлари Фан ва олий таълим вазирлигидан ўзбекистонлик талабаларни яшаш жойларидан чиқариб юборишни назарда тутувчи ҳеч қандай тавсия ёки топшириқлар олмаган.

Дипломатларимиз ҳамюртларимизни ҳеч қандай таҳликага тушмасликка, хотиржамлик намоён этишга ва Россия ҳукумати томонидан COVID-19 коронавируси тарқалишига қарши кураш бўйича берилаётган тавсияларга риоя қилишга, шунингдек яшаб турган жойларини тарк этмасликка ва олий таълим муассасаси раҳбарияти белгилаган тартибда ўқишни давом эттиришга чақирган.

Шу билан бирга, ватандошларимиз Россия ҳукумати давлат хавфсизлиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида 2020 йилнинг 18 мартидан 1 майигача хориж фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаганларнинг мамлакат ҳудудига киришини вақтинча тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида огоҳлантирилган.

Ушбу чекловлар Россиядаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари, халқаро йўналишда ҳаракатланадиган автомобиллар ҳайдовчилари, ҳаво, денгиз ва дарё транспорти экипажлари аъзолари, халқаро темир йўллар йўналишлари поезд ва локомотив бригадалари, расмий делегациялар аъзолари, дипломатик, хизмат ва яқин қариндошларнинг вафоти муносабати билан берилган оддий шахсий виза эгалари, РФ ҳудудида доимий яшовчи шахслар, шунингдек транзит ҳаво-ўтиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган фуқароларга нисбатан қўлланилмайди.

Ўзбекистон фуқароларига РФ ҳукуматининг мазкур қарорини инобатга олиш тавсия этилди.

 

ЎзА