Давлатингиз раҳбарининг саъй-ҳаракатларида масаланинг комплекс ечими ўз аксини топган

Тошкентда “Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.

Конференцияда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари вазирлик, идора ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган халқаро ташкилот ва дипломатик ваколатхоналар ходимлари, шунингдек бир қатор хорижий экспертлар иштирок этмоқда.

Мухбиримиз анжуман қатнашчиларининг фикрлари билан қизиқди.

Кенешбек Сайназаров, “Search Common Ground” халқаро нодавлат ташкилоти директори:

Ўзбекистон моделида учта муҳим жиҳатни таъкидлаб ўтган бўлардим. Биринчиси, ҳали ҳеч бир давлат бу ишга киришмаган бир пайтда Ўзбекистон раҳбарияти ўз фуқароларига, айниқса аёллар ва болаларга чуқур инсонпарварлик муносабатларини намоён қила олди.

Иккинчидан, мазкур муаммони ҳал этиш учун юртингиз жамоатчилиги бир бўлиб киришганидир. Ўзбекистон тажрибаси мазкур масала фақат давлатнинг ёки нодавлат ташкилотларнинг ташвиши бўлмай, балки бутун жамиятнинг вазифаси эканини кўрсатиб берди.

Учинчидан, мамлакатингизда қайтиб келганларни энди тинч ҳаётга, жамиятга реинтеграция қилиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, бошпана билан таъминлаш, болаларнинг тарбияси, таълими билан шуғулланиш бўйича ҳам комплекс чоралар амалга оширилаётгани, ҳақиқий инсонпарварлик намуналари кўрсатилаётганидир.

Давлатингиз раҳбарининг бу борадаги ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларида юқорида таъкидланган масалалар комплекс ҳал этилаётганини кўриш мумкинлигини алоҳида таъкидлаган бўлардим.

 

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА