Ғоя муаллифи Камилжан Кадиров ўз таклифини қуйидагича изоҳлаган: “Мен Орол муаммосини амалий ҳал қилиш учун ўз таклиф ва мурожаатларимни кўп йиллик тажрибамга асосланиб қуйидагиларни баён қилмоқчиман.Биринчидан, Ўзбекистондаги фойдаланишга яроқсиз ерларда, дарё ва каналлар атрофига тоғ ёввойи мевали дарахтларини экиб, “яшил белбоғ” барпо қилиш керак. Чунки, бу ёввойи мевали дарахтлар сувни буғлантирмайди, аксинча, ҳаводаги намликни сўриб, ер тагида булоқлар пайдо бўлишини таъминлайди.
Иккинчидан, барча мавжуд дарё ва каналларни ер сатҳидан 10 метр чуқурлигини таъминлаш лозим.
Учинчидан, Орол атрофидаги чўл ҳудудларида ҳам ёввойи мевали дарахтлардан боғлар барпо қилиш керак. Бу ишнинг бир неча усуллари бор ва амалда натижаси ижобий самара беради десам, муболаға бўлмайди”
Петиция шу йил 8 январда жойлаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 500 нафар киши овоз берган.
Нукуслик бир гуруҳ фаоллар шаҳар ичига маданий мева дарахтларини экишни таклиф қилмоқда. Яъни улар 2020 йилга муносиб тарзда 2020 олча дарахтини ўтқазиш учун акция бошлаган. Гуруҳдаги фаоллар асосан 40 нафар қизлардир. Улар ижтимоий тармоқларда ўзларини Қирқ қиз деб атамоқда.
“Дарахт экишга энг қулай вақт бу 20 йил аввал эди, бўлмасам ҳозир“ деган хитой мақолини шиор қилган гуруҳ фаоллари олча дарахтларини Нукус шаҳрининг марказий кўчаларига экишни режалаштирмоқда. Нима учун айнан олча дарахтини экишга киришганини улар қуйидагича изоҳлайди:
Шаҳримиз ерида 90-110 смдан сўнг шўр сув чиқиб кетади. Агар олма-нок ва бошқа мевали дарахтларни экадиган бўлсак, улар 2-3 йилдан кейин томирлари шўр сувга тақалиб, ўлиб қолиш хавфи бор, чунки уларнинг томирлари пастга қараб кетади. Олча, айва дарахтларининг томирлари эса ётиғига қараб ўсади, демак олчанинг тутиб, ўсиб кетиш имконияти кўпроқ.
Гуруҳ фаоллари ушбу акцияда иштирок этувчилар сонини 2020 га етказиш ниятида. Кўчатлар акция иштирокчиларининг ўз қўллари билан экилса, ўзлари ҳам унинг ўсиб-улғайишига бефарқ бўлмайди, деб ишонади. Кўчатлар талабга мос келадиган битта жойдан харид қилиниши режалаштирилмоқда.
Айни шу кунларда Фарғона вилояти, Риштон тумани, Оқ томир қишлоғида истиқомат қиладиган меҳнат ветерани Жанобиддин Солиев Оролнинг қуриган тубида олиб борилаётган ишларга ҳисса қўшиш мақсадида Қорақалпоғистонга экиш учун 1000 дона тут дарахти кўчатларини юбормоқчи эканлигини, лекин бунинг учун транспортдан ёрдам кераклигини маълум қилган эди. Шўманойлик тадбиркор Сейдабулла Медетов эса отахонга ёрдам бериши мумкинлигини маълум қилмоқда.
Шундай тадбирларнинг биттаси “My garden in the Aral Sea” лойиҳаси тўғрисида сайтимизда маълумот берган эдик. Унга кўра, ҳар бир фуқаро ёки сайёҳ Оролнинг қуриган тубига чўл ёки манзарали дарахт экиши мумкин. Ўтқазилган ўсимликнинг аҳволи тўғрисидаги маълумотлар эса доим иштирокчига маълум қилиниб борилади. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан амалга оширилмоқда.