Нукус шаҳрида автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи устахоналарда рейд-текширув тадбирлари ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори майор Б.Бекмуратов томонидан устахонада ишчи бўлиб ишловчи Нукус шаҳрида яшовчи, фуқаро Ш.Р “Нексия-3” русумли автомашинани ҳайдовчиси томонидан эҳтиётсиз бошқаргани оқибатида моддий зарар кўрган жойини Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг бу ҳақидаги тегишли маълумотномаси бўлмасдан туриб таъмирлаётганлигини аниқлаб, тегишли тартибда расмийлаштирган.
Фуқаро Ш.Р ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларни чора кўрмасдан ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 200 минг сўм пулларни майор Б.Бекмуратовга пора тариқасида бераётган вақтида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бўлими ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг
211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шуҳрат Неъматов, ЎзА