Нукусда Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари республика кўрик танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник А.Темирханов ва бошқалар таъкидлаганидек, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, шахс, оила, жамият ва давлатнинг ҳуқуқий манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, диний экстремизмга қарши курашиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда ички ишлар органлари билан халқнинг бирлигини таъминлаш, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда ички ишлар органлари таянч пунктлари ва профилактика инспекторларининг ўрни ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда ушбу тизим фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу нуқтаи назардан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари республика кўрик танлови муҳим аҳамиятга эга. Тантанали маросимда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ибрат бўлаётган, ҳамкорликдаги ишларни талаб даражасида олиб бораётган Нукус шаҳри “Сарбиноз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига хизмат кўрсатувчи 5-ички ишлар органларининг таянч пункти биринчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Иккинчи ўрин Беруний тумани “Бийбозор” овул фуқаролар йиғини ҳудудига хизмат кўрсатувчи 51- ички ишлар органларининг таянч пунктига, учинчи ўрин Хўжайли тумани “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудига хизмат кўрсатувчи 150-ички ишлар органларининг таянч пунктига насиб этди.
Шунингдек, “Энг фидойи сектор раҳбари”, “Ички ишлар органлари бошлиқларининг энг фаол ёшлар масалалари бўйича ўринбосари”, “Ибратли хотин-қизлар қўмитаси раиси”, “Энг фидойи маҳалла раиси”, “Энг фаол профилактика инспектори”, “Адолатли яраштириш комиссияси”, “Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича фаол мутахассис”, “Энг фаол ёшлар етакчиси”, “Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор”, “Профилактика инспекторининг энг фаол ёрдамчиси” сингари номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилотчиларнинг совғалари билан тақдирланди. Тадбир иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА