Ҳайдовчи нега 15 суткага қамалди?

Нукус шаҳар маъмурий суди бир йилнинг ичида учинчи маротаба спиртли ичимлик истеъмол қилиб автомашина ҳайдаган фуқарога 15 сутка қамоқ жазосини белгилади.
– Судланувчи К.М. бир йилнинг ичида тўрт маротаба йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот гуруҳи ходими С. Қаллибеков. – Уч маротаба спиртли ичимлик таъсирида автомашини бошқарган бўлса бир ҳолатда фуқарони автомашинада уриб юборганликда айбланган. Яъни бир маротаба вояга етмаган қизни автомашинасида уриб кетиб воқеа жойидан қочиб кетган. Шунга қарамасдан фуқаро К.М. яна бир маротаба спиртли ичимлик ичиб автомашина ҳайдаган. Ушбу фуқарога маъмурий суд томонидан 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Бошқарма томонидан берилган маълумотга кўра, 2019 йилда Қорақалпоғистон бўйича жами 400 йўл-транспорт ҳодисаси рўйхатга олинган ва оқибатида 105 нафар киши вафот этган, 358 нафар киши ҳар хил даражадаги тан жароҳатларини олган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Бобожонов яқинда Қорақалпоғистонга ташрифи давомида 7 нафар раҳбар ходимларни ишдан олган эди, уларнинг орасида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл-патруль хизмати отряди командирининг ўринбосари А.Машарипов ҳам бор.

 

Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА мухбири