Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубда бундай дейилган:
“Муҳтарам Президент жаноблари!
Хитой коронавирус тарқалишига қарши олиб бораётган кураши муносабати билан йўллаган таъзияномангиз учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман.
Айтишганидек, қаердадир кулфат юз берса, ҳар ёқдан ёрдамга шошиладилар. Дунё ҳамжамияти, шу жумладан Ўзбекистон, Хитой ҳукумати ва халқига ҳамдардлик билдирди ва турли кўринишда қўллаб-қувватлади. Бу бизга бўлган дўстона муносабатни тўлиқ намоён этди.
Хитой эпидемияни профилактика қилиш ва назоратга олиш борасида муваффақиятга эришишига ишончи комил ва бунга қодир, шунингдек, бутун жаҳонда жамоат соғлиғини сақлаш ишига ҳисса қўшиш йўлида халқаро ҳамжамият билан биргаликда ишлашга тайёр.
Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдаман ҳамда Сиз билан яқин мулоқотни давом эттиришга тайёрман.
Сизга мустаҳкам соғлик, фаолиятингизга муваффақиятлар, дўст Ўзбекистонга эса равнақ ва фаровонлик тилайман.
Хитой Халқ Республикаси Раиси
Си Цзиньпин”
ЎзА