Анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” республика танлови ихтирочилик, рационализаторлик ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўз қобилиятини намоён этаётган хотин-қизлар иштирок этади.
Танловнинг биринчи босқичида 4000 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. Якуний босқичда 250 дан зиёд хотин-қиз иштирок этди. Унинг доирасида иқтидорли хотин-қизларнинг инновацион лойиҳалари, ишланмалари, технология ва дастурий маҳсулотлари бўйича кўргазмалар ҳам ташкил этилди.
“Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” III республика танловининг якуний босқичи доирасида форумлар, маҳорат дарслари, тақдимотлар, маърифий семинарлар бўлиб ўтади. Танловнинг ғолиблари эса 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида эълон қилинади.