Талабаларга стипендиядаги тафовут тўлаб берилади

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан тажриба-синов тариқасида 2019 йил 1 сентябрдан 2020 йил 1 февралга қадар олий таълим муассасаларида давлат гранти ва стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга (давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) стипендиялар базавий миқдорда (400 минг сўм) тўланган. 
Бунда ўзлаштириш кўрсаткичлари “аъло” баҳолар бўлган талабаларга стипендиялар базавий стипендия миқдоридан қўшимча 15 фоиз миқдорда тўланган.
Давлат гранти асосида таълим олаётган ва “аъло” (рейтинг кўрсаткичи –86 балл ва ундан юқори) ҳамда “яхши” (рейтинг кўрсаткичи – 71 балл ва ундан юқори) ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган талабаларга 2019 йил 1 сентябрдан 2020 йил 1 февралга қадар ҳақиқатда тўланган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 17 августдаги 344-сон қарори асосида тўланиши лозим бўлган миқдорлар орасидаги тафовут тўлаб берилади.
Талабаларга тўланадиган стипендиянинг тафовут суммаси тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга 2020 йил учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида қопланади.

 

ЎзА