3 февраль куни “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашуви бўлди.
Мулоқот давомида 2018 йил май ойида Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон – АҚШ саммити доирасида эришилган келишувларнинг ижроси муҳокама қилинди, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Унда музокаралар самарали кечгани қайд этилди. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳамкорликка доир турли йўналишларни қамраб олган ҳолда, юқори суръат касб этган. Ўзаро алоқалар тизимли ва мунтазам хусусиятга эга. Бу кўп жиҳатдан Ўзбекистон билан АҚШ Президентларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва шахсий иродаси, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг АҚШ томонидан эътироф этилиши туфайлидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширилиши жараёнига алоҳида эътибор қаратилгани, стратегик шерикликнинг янги босқичларини келгусида аниқ ва амалий мазмун билан бойитишга икки томон ҳам тайёрлиги таъкидланди. Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва таълим йўналишларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олингани қайд этилди.
Ўзбекистон томони бундан кейин ҳам мамлакатимизда АҚШ бизнес вакилларига қулай шарт-шароит яратиш, биргаликдаги инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга тайёрлиги билдирилди.
Ўз навбатида, Вашингтон Ўзбекистонда инсон омили тушунчаси тобора устувор аҳамият касб этаётгани, хусусан, мамлакатда кейинги йилларда диний эркинлик, болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини бутунлай бартараф этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, шунингдек, сўз эркинлигини таъминлаш каби муҳим демократик жараёнларда кескин ижобий ўзгаришлар рўй берганини эътироф этмоқда.
Ўзбекистон ва АҚШнинг бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга бўлган минтақавий масалаларга ёндашуви бир-бирига жуда яқинлиги, томонлар Марказий Осиёда тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик ҳукм суриши тарафдори экани қайд этилди.
Абдулазиз Комилов ва Майкл Помпео замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш, уларнинг олдини олиш, жумладан, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинганини таъкидлади. Афғонистонга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни янада фаоллаштиришга, ушбу мамлакатни савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқаларига кенг жалб этишга келишиб олингани таъкидланди.
Матбуот анжуманида томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожи бугунги кунда юқори чўққисига кўтарилгани, шу билан бирга барқарорлик касб этгани, томонларнинг саъй-ҳаракатлари бундан буён ҳам стратегик шерикликнинг ўзаро манфаатли янги йўналишларини аниқлашга йўналтирилишини тасдиқладилар.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ, ЎзА