Қонликўлда фаол ёшлар қўллаб-қувватланди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ташаббуси билан Қонликўл туманида ёшлар иштирокида турли мавзудаги тадбирлар ташкил этилди.

Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов туман ёшлари ва тадбиркорлари билан учрашди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йилнинг 27 декабрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда ёшлар билан бўлган учрашувда таъкидлаганидек, 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади. Ушбу учрашувда Президентимиз томонидан ҳар бир раҳбарга ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва тегишли чоралар кўриши юзасидан вазифаси юкланган эди. Бугунги кунда жойларда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
photo5314751386187050217.jpg

Ёшларимиз турли соҳаларда ўз фаоллигини намоён қилмоқда. Айниқса, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистонни албатта ёшлар билан қурамиз” шиорини қўллаб-қувватлаган Оролбўйи бугунги куннинг асосий муаммоси бўлган Орол денгизининг қуриган тубида “Ёшлар ўрмонзорлиги”ни барпо этиш ишларида жонбозлик кўрсатишмоқда.

Ёшлар бўйича Қорақалпоғистон Республикасидан бошланган янги ташаббусимизни бутун мамлакатимиз бўйича амалга оширамиз. Мен вилоят раҳбарларини, жойлардаги барча жамоатчиликни ушбу масалага жиддий эътибор беришга чақираман,-деган эди Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида.

Учрашувда ёшларнинг муаммолари тингланди ва уларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди. Айримлари ўрганиб чиқиш учун тегишли соҳа раҳбарларига топширилди.

photo5314411735878316016.jpg

– Бугунги учрашувда туман Халқ таълими бўлимига қарашли 21-умумтаълим мактаби қошида бўш турган иморатни “ноль” қийматда олиб, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини очиш бўйича таклифимни билдирдим, – дейди тумандаги “ Аралбоев Муратбой” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муратбой Аралбаев. – Бу таклиф туман ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги раҳбарлари томонидан ўрганилиб, ёрдам бериладиган бўлди.

Учрашув сўнгида бир гуруҳ ёшларга совғалар топширилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг иккинчиси бу ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришдир. Шу муносабат билан туман марказида “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида марафон ўтказилди. Унда ўқув ўринлари, меҳнат жамоалари, маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларидан ёшлар иштирок этди.

photo5314751386187050216.jpg

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори асосида қатор ишлар олиб борилмоқда. Зеро, китобхонлик ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини, онгу шуури ва дунёқарашини кенгайтириш, она ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда алоҳида аҳамиятга эга.

Туман Халқ таълими бўлимига қарашли 18-умумтаълим мактабида “Ёш китобхон” танловининг мамлакатимиз босқичи ғолиби, Президентимиз совғаси “ Спарк” автомашинаси соҳибаси Нурсулув Қўқонова билан учрашув ташкил этилди. Унда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларнинг китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътиборга тўхталинди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Учрашувдан сўнг мактаб жамоасига ташкилотчилар томонидан китоблар туҳфа этилди.

Ёшлар марказида туман фаол ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда 2019 йилнинг 27 декабрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари мактабида ёшлар билан бўлган учрашувида белгилаб берилган вазифалар, шунингдек Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти бўйича кенг тушунча берилди.

photo5314411735878316015.jpg

Яқиндагина фойдаланишга топширилган Маданият марказида таниқли санъат усталари билан бўлган учрашув ёшларда катта таассурот қолдирди. “Менинг севган қаҳрамоним” мавзусидаги ташкил этилган учрашувда меҳмонлар ўз ижодлари тўғрисида айтиб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Туманда “Ёшлар боғи” ни барпо этиш учун 10
гектар ер майдони ажратилди. Шу куни яхши ниятлар билан дастлабки мева дарахти кўчатлари ўтқазилди. Келгусида бу ер ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказадиган серфайз масканга айланади.

Ўтган йили фойдаланишга топширилган “Жайҳун” ўйингоҳида футбол бўйича мусобақа ўтказилди. Унда Қонликўл, Шуманай, Қўнғирот ва Хўжайли туманларининг ёш футболчилари иштирок этди. Мазкур мусобақада майдон эгалари ғалабага эришди. Тадбир якунида тумандаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига Президентимизнинг совғаси – спорт жиҳозлари топширилди.

photo5314751386187050218.jpg

Куннинг иккинчи ярмида туман ёшларининг “Kanteks invest” масъулияти чекланган жамиятига саёҳати уюштирилди. Бу ерда таниқли тадбиркорлари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.

Кун давомида ўтказилган турли мавзудаги тадбирлар унутилмас лаҳзаларга бой бўлиб, туман ёшларининг янги ташаббусларига замин яратади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА