ёхуд йўқчиликка дучор бўлган газеталарда журналист кадрларнинг қадри ва эртанги кунга бўлган ишончи ҳақида
Бир укам бор, у билан тарих, бугунги ижтимоий-сиёсий ҳаёт, иқтисод ва бошқа соҳалар ҳақида тез-тез суҳбатлашиб, баъзан баҳслашиб қоламиз. Шундай суҳбатларимизни бирида у “…барча нарса (соҳа, тармоқлар ва бошқалар) пайдо бўлади, ривожланади, гуллаб-яшнайди ва охирида таназзулга учраб, йўқ бўлиб кетади”, деди. Шунда ўйланиб қолдим, наҳотки бугун оммавий ахборот воситалари шиддат билан ривожланаётган бир пайтда уларнинг энг дастлабкиси, яъни образли таърифлаганда “отаси” бўлган матбуот таназзулга учраяпти, йўқ бўлиб кетиш хавфи мавжуд?
Кекса авлод вакилларидан матбуотнинг жамиятга таъсири, кадрлар салоҳияти ва сони, адади ҳақида эшитганларимиз эсласак ёки ўша даврлар кундалик ҳаётини кўзгудаги акси каби матбуот саҳифаларида муҳрлаган газета тахламларини варақласак матбуотнинг гуллаб яшнаган даври ортда қолиб, аллақачон таназзул даври бошлангандек, гўё.
Сўнги пайтларда матбуотнинг бугуни ва эртаси ҳақида ижтимоий тармоқларда кўплаб фикрлар, танқидлар берилди. Кимдир матбуотни “эскилик сарқити”га, яна кимдир махсус аппаратлар уланиб ҳозирча “тирик”лиги сақланиб турган беморга қиёслади…
Талабалик давримизда матбуот жамият (бошқалар)дан бир қадам олдинда юради, дея уқтириларди. Бугун фаол блогерлар, айрим ҳамкасбларимиз мазкур тамойил эскирганига, матбуот завонавий ОАВ ичида энг орқада қолаётганига ишора қилади. Ҳатто, матбуот фаолиятидан мутлақо бехабар бўлган кўчадаги таксичими, сотувчими, борингки ким бўлса ҳам матбуотни “замондан орқада” қолганликда айблашга уринади. Аламли жиҳати шундаки, бугун ён атрофимиздаги кўпчилик номутахассислар матбуот журналистлари қандай ишлаши кераклиги ҳақида ақл ўргатадиган даражага етди ёки матбуот журналистикаси анча пастга тушди, назаримда…
Ҳақиқатан ҳам таназзул пайти етган бўлса, матбуот қанча «яшади», қандай пайдо бўлди-ю, йўқолиш хавфида қандай омиллар кўринади. Бунинг учун тарихга назар соламиз.
Юртимиздаги матбуот тарихи
Буни қарангки, юртимизда замонавий журналистиканинг шаклланиши ҳам илк газеталарнинг ташкил топиши билан боғлиқ. Бундан бир ярим аср (150 йил) илгари, аниқроғи 1870 йил Тошкентда “Туркестанские ведомости” газетасининг биринчи сони босмадан чиқди. Бу билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси вақтли матбуотига тамал тоши қўйилди. Кейинчалик ушбу нашр ўзбек тилида “Туркистон вилоятининг газети” номи билан ҳам чоп этила бошланди. Маълумотларга кўра, ўша пайтларда айрим ривожланган давлатларда ҳам масалан, Японияда бир неча йил, Кореяда эса биздан роппа-роса ўн уч йилдан кейин, яъни 1883 йилнинг 31 октябрида биринчи миллий газета дунё юзини кўрган.
Бугунги кунда юртимиздаги барча ОАВ вакиллари касб байрамлари нишонланадиган сана юртимизда ўзбек тилидаги дастлабки миллий матбуот нашри сифатида юзага келган “Тараққий” газетаси билан боғлиқ. Мазкур газета 1906 йил 27 июндан эътиборан чоп этила бошланган. Биринчи Президентимизнинг 1993 йил 24 июндаги фармонига мувофиқ, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида белгиланган.
Қорақалпоғистон матбуоти тарихи эса ҳозирда “Еркин Қарақалпақстан” номи билан нашр қилинаётган газета билан боғлиқ. Мазкур газетанинг илк сони 1924 йилнинг ноябрь ойида 50 нусхада нашр қилинган. (Ҳозирги матбуот фаолияти олдида турган синовлардан ўтиб олса, яна тўрт йилдан сўнг 100 йиллиги нишонланар экан).
Тарихий маълумотларга кўра, мазкур газетада 1924 йилдан 1956 йилгача бирорта ҳам журналист ихтисослигига эга кадрлар бўлмаган. Кейинчалик Ўрта Осиё давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган Рейимбой Ешимбетов, Ибайдулла Асқаров, Қалмурат Ембергеновлар ушбу газетада ўз мутахасислиги бўйича иш бошлаган журналистлардир.
Ўша устоз журналистлардан бири, марҳум Рейимбой оға Ешимбетов билан кўп бора суҳбатдош бўлганман. Устознинг бир неча йил олдин айтган гаплари эсимга тушди: “…. шундай замонлар бўлганди, бирон материал тайёрлаш учун қайсидир колхозга борсак, ўша колхоз раиси ўзи миниб юрган машинани (колхозда битта машина, уни ҳам раис миниб юрган бўлса ҳам, дея кулиб) газета мухбири ихтиёрига берар ва мақола тайёрлангунча хизматда бўлар эди. Ҳозир, айрим ҳокимликлар вакиллари газета мухбирларига маълумот беришни ҳам эп кўришмайди…”, деган эди тобора таназзулга юз тутаётган матбуот ва уларнинг вакилларига бўлган эътибор ҳақида.
Мен бежиз Рейимбой оғанинг гапларини келтирмадим. У киши бир жамоа (“Ўзбекистон овози” газетаси)да 50 йилдан ортиқ фаолият кўрсатган. Мен ўша таҳририятда бўлганимда, “Газета номи, раҳбарият, бошқа вилоятлар мухбирлари кўп ўзгарди, лекин Қорақалпоғистондаги мухбиримиз ўзгармади, у ҳаммамизнинг оқсоқолимиз”, дея алоҳида эътироф қилишганди у кишининг матбуотга бўлган садоқати ҳақида раҳбарияти.
Менимча, матбуотга эътибор шу йўсинда давом қилса, келгуси даврда «матбуотда ярим аср фаолият юритди», деган жумлалар қўшиб ишлатиладиган инсонларни учратмасак керак. Негаки, касбига қанчалик фидойи инсон бўлмасин матбуотнинг ўзи йўқ бўлса ёки йўқчиликка дучор бўлиб, номигагина яшаса, унда фаолият юритиш, ижод қилишнинг имкони ҳам, ҳожати ҳам бўлмайди.
ЖУРНАЛИСТ КАДРЛАР – ОЛДИНЛАРИ САРАЛАНГАН
ҳозир газеталар сонидан кам
Матбуотдаги биздан олдинги авлод вакиллари республика газетасига икки маротаба бош муҳаррирлик қилган ва ўша давр тўфонига қарамасдан газетага “Еркин Қарақалпақстан” номини беришда ташаббус кўрсатган Шарап оға Уснатдиновнинг матбуот соҳаси ривожи, газета ходимларининг обрўсини оширишдаги хизматларини алоҳида таъкидлашади. Айтишларича, “Еркин Қарақалпақстан” газетаси ҳафтасига 5 маротаба 50-60 минг нусхада чоп қилинган даврлар ҳам бўлган экан.
Журналист ён дафтари ҳам худди газетадек, ёзилганини қайта ўқиш, зарур маълумотлардан осон фойдаланиш мумкин. Шундан мавзуга оид бўлгани учун айримларини келтириб ўтсам:
-Аввало, А.Холмуратовнинг матбуот соҳасига кириб келиши ҳақида гапириб ўтмоқчиман. Мен 1974 йил ҳозирги “Қарақалпақстан жаслари” газетасига раҳбар бўлганимдан кейин кадр изладим. Ўшанда республика бўйлаб сўраб-суриштириб 3 та кадрни ишга олдик ва кейинчалик ўша уч инсон ҳам соҳа ривожига жуда катта ҳисса қўшганига бугун гувоҳмиз. Улар филология фанлари доктори, профессор Қурбанбай Жаримбетов, таниқли ва фахрий журналист (рус тилида чоп қилинадиган газетага бош муҳаррир бўлган биринчи қорақалпоқ йигити) Елмурат Байназаров ва учинчиси Атажан Холмуратов, – деган эди устоз журналист, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Ш.Уснатдинов узоқ йиллар матбуотда самарали меҳнат қилган марҳум Атажан Холмуратовнинг етмиш йиллик юбилейида.
Устоз таъкидлаганидек, олдинлари газеталарда ишловчи кадрлар республика бўйлаб сараланган, матбуотга эътибор ўша даврларда ёритилган мавзулар залворида ва уларнинг жамиятга таъсирида намоён бўлган, албатта. Бундан 15 йилча олдин (матбуотни шундай тасаввур қилганим учун ўз ташаббусим ва илмий раҳбаримнинг қўллаб-қувватлаши, кафедранинг тасдиғи билан) «Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоялашда матбуотнинг роли» мавзусида (бакалавр даражаси) диплом ишимни ёзиш жараёнида ҳам матбуотнинг жамиятга таъсири, муаммоларни қилишда ўрни ва роли муҳим аҳамиятга эга эканлигига амин бўлгандим.
Хуллас, газеталарда журналист иихтисослигига эга кадрлар борган сари камайиб бормоқда ва ҳатто биронта айримлари мухбирларсиз ҳам бир амаллаб чиқаришга эришмоқда. Бундай газеталарда йўл қўйилаётган хатолар, сўнгги йилларда журналистика йўналишида таҳсил олувчилар сони оширилаётгани ва уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари алоҳида мавзу.
-Мен 12 йил “Еркин Қарақалпақстан” газетасида фаолият кўрсатдим, – дейди “Жеткиншек” газетаси бош муҳаррири А.Ембергенов. – Ўша пайтларда ҳар бир туманда алоҳида мухбирлар бўлиб, адашмасам битта газетада 50-60 нафар ходим ишлар ва уларнинг асосий қисмини мухбирлар ташкил қилар эди. Лекин, бугунги кун газеталарининг иқтисодий ахволи тобора оғирлашиб бормоқда. Ўтган ҳафтада эшитдим, жорий йилги газеталар адади маълум бўлгандан сўнг республика газеталаридан яна бир неча мухбирлар ишдан кетибди…
Обунанинг кескин камайиб кетиши мухбирлардан воз кечиш қанчалик қийин бўлмасин, таҳририятларнинг уларни қисқартиришдан бошқа чораси қолмаяпти. Мухбир ходимлар сонининг тобора камайиб бориши келгусида газеталарда ёритиладиган материалларнинг сифатига жиддий таъсир қимлиши шубҳасиз.
Менинг назаримда, “классик журналистика”ни сақлаб қолиш керак. Тўғри, бугун бошқа оммавий ахборот воситалари ривожланиб кетди. Аммо, нима бўлганда ҳам жамият учун матбуот керак.
Мен фаолият юритаётган газета ҳам мустақиллик йилларида дунё юзини кўрган матбуот нашри ҳисобланади. Шу газетадаги илк мақолаларим 2002 йилларда чиқа бошлаган эди. 2007 йилдан бошлаб газетада расман фаолият кўрсата бошладим. Ўша даврларда газетамизда 5-6 нафар мухбирлар бўлган. Бугунги кунда газетамизда бош муҳаррир ўринбосари, бўлим раҳбари, масъул котиб (таҳририят Низомида мавжуд бўлган) каби лавозимларда ишловчи ходимлар йўқ. Негаки, олдин мана шу лавозимлар, кейинчалик мухбирлар сони кескин қисқарган. Ҳозир таҳририятимизда учта газета нашрга тайёрланади. Демоқчиманки, газеталар сонидан мухбирлар сони кам. 3 та газетада муаллифлик материалларини тайёрловчи (навбатчи) махсус мухбирлар сони 2 та, холос. Газетамизда (корректор) мусаҳҳиҳ вазифаси ҳам, маҳаллий расмий материалларни таржима қилиш ва компьютерда териш ҳам ўша мухбирлар зиммасида бўлса–да, борган сари (мухбирлар штати қисқармоқда) мухбирлар маоши камайиб, айрим техник ходимлардан ҳам кам маошга лойиқ кўрилаётганидан матбуотда журналист мухбирларга ҳожат қолмагандир, деган хулосага келдим.
Бундан 10 йилча олдин таҳририятимиз 7-8 ойгача ходимларга маош беролмай қолди. Баъзилар бу (ойликсиз) вазиятда иш жойини ўзгартирди. Ўзимнинг ҳам оила ёш, ижарада турардим… Ўшанда ҳам раҳбаримиз, устозларимиз гапига қулоқ тутиб, қанчалик қийин бўлмасин ишладим, газетани чиқаришга баҳоли қудрат ҳисса қўшишга ҳаракат қилган эдим…
Бугун вазият бошқача. Жамиятга матбуот керак бўлмай қолаётгани каби таҳририятга ҳам журналист мухбирлар керак бўлмаяпти, назаримда.
Низомида – “Давлат корхонаси” номи бор
аммо, хўжалик ҳисобидан «кун кўраётган» газеталар
2010 йилда раҳбаримиз ташаббуси билан газета қайта номланадиган бўлди ва шу муносабат билан унинг Низомини қайта ёзиш вазифаси менга юклатилди. Бир неча бор хато-камчиликлари билан қайтарилган таҳририят Низомининг охирги қайтарилишига сабаб бўлган жумла эсимдан чиқмайди. У таҳририят номидан кейинги “Давлат корхонаси” деган сўз эди…
Анча йиллар илгари бир гуруҳ ҳамкасбларимиз билан пойтахт Тошкент шаҳридаги марказий нашрлар фаолияти билан танишиб, малака ошириш курсларида иштирок қилдик. Ўшанда мен газетамизда масъул котиб лавозимида ишлаганим учун борган нашриётларда ҳар бир (рангли) газетанинг босмахона, қоғоз ва бошқа харажатлари, умуман битта газетанинг таннархини аниқлаб, ўзимизнинг газета билан таққослаб кўрардим. Ўша пайтда бизнинг газета (гарчи оқ-қорада чоп қилинса ҳам) бир донасининг таннархи тахминан (ўша вақтда 4-5 минг нусхада чоп қилинган) ўртача 480 сўмни ташкил қилаётган бўлса, марказий нашрларнинг энг кам нусхада босилгани ҳам бир донаси ўртача 130 сўмга тушаётган экан…
Малака ошириш курсларининг охирги кунида биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида депутатлар билан учрашдик. Ўшанда мен уларга юқоридаги мисолни, иккита газетани қўлимга ушлаб, маҳаллий нашрларга давлат томонидан қандайдир имтиёзлар берилиши керак эмасми, деган савол билан юзландим. Уларнинг кўпчилиги, ўша пайтда омма орасида кенг тарқалаётган хусусий нашрларни мисол келтириб, “ана ўшалардек бўлиш керак”лигини уқтирди. Депутатлар реклама ва тижорат материалларини тайёрлаб матбуотда ёритиш орқали газеталар иқтисодиётини юксалтириш мумкинлигини назарда тутган эди.Уларнинг жавобларидан ажабланиб, улар айтган газеталарнинг нашрни чоп қилишдан кўзланган асосий мақсади бизнес эканлигини, биз каби “давлат корхона”ларидан фарқ қилишини тушунтира олмаётган эдим. Бир пайт депутатлардан бири: “Сизларнинг шу ерда ўтирганингизнинг ўзи давлат сиз матбуотчиларга берган имтиёз”, деди. Барчамиз жим бўлдик…
Биламизки, маҳаллий ҳокимликлар муассислигидаги матбуот нашрларига давлат аҳамиятига молик бўлган, дейлик Ҳукуматнинг тегишли давлат дастурлари ижросига оид ва шу каби (матбуот ходимлари яхши тушунади, яъни берилиши шарт бўлган) расмий материаллар газеталарнинг ҳар бир сонига топилади. Низомида «Давлат корхонаси» номи бор газеталар қоғозни ўзи сотиб олиб ва бошқа харажатларга кетадиган маблағни топиб, газета чиқаришга мажбур бўлмоқда.
Қолаверса, давлат сиёсатини тарғиб қилиб, газета чиқараётгани учун ўша давлат ғазнасига миллионлаб солиқ тўласа таҳририятлар номига қўшилган “давлат корхонаси” жумласи қанчалик мантиққа мос келар экан.
Масалан, 2019 йилда биргина мен ишлаётган таҳририят ходимларининг даромад солиғи ва корхона фаолиятидан давлат ғазнасига тахминан 100 миллион сўмлик солиқ тўланибди.
Юқорида таннарх масаласида нусхалар сонини бежиз келтирмадим. Негаки, газеталар адади (тиражи) камайган сари таннар ошаверади. Масалан, (2018 йилда 8480 нусхада) ўтган йил январь ойида 5382 нусхада нашр қилинган “Еркин Қарақалпақстан” газетаси 2020 йил бошидан 3541 нусха билан чиқибди. “Қорақалпоғистон тонги” газетаси эса, (2018 йил 4243 нусхада) 2019 йил бошида 1654 нусхада чиққан бўлса, 2020 йилнинг дастлабки сонлари 825 нусхада чиқди. Ўтган йилнинг декабрь ойида 2500 нусхада чоп қилинган. Шунда 1 донасининг фақат нашриётга сарфланган маблағи 750-800 сўм бўлган, унга ходимлар маоши, давлат солиғи, почта ва бошқа харажатлар қўшилса, обуначига қанчага тушишини тахмин қилаверинг.
Бундай аросатда қолган матбуотдан воз кечиш керак, ёки бўлмаса обунадан тушадиган даромадни ҳам давлат ғазнасига тушуриб, газеталар «давлат корхонаси» номига муносиб фаолият юритиши маъқулроқ, назаримда.
Ана шунда, газетанинг таннархи ҳам анча пасайиб, ҳақиқий ихтиёрий обуначилар пайдо бўлар ва «мажбурий обуна» жумласи эскирган сўзлар қаторидан жой олармиди?…
Реклама ва тижорат материаллари холисликка соя солади
Журналистиканинг шаклланиш тарихи ва ўзгармас қоидаларига назар солсак, 1983 йил 20 ноябрь куни Парижда профессионал журналистларнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлари аъзолари томонидан “Журналистларнинг халқаро этика принциплари” қабул қилинган. Унинг иккинчи тамойилида журналистнинг объектив реалликка содиқлиги, яъни, воқеа-ҳодисаларни ёритишда холислик принципини бузмаслик кераклиги қатъиян белгилаб қўйилган. Демак, ҳозирги даврда ҳам халқаро медиа маконда ўзини профессионал мухбир деб биладиган ҳар қандай шахс холислик категориясига бўйсуниши шарт.
Ҳа, бошқа ОАВлар воқеани овози, тасвири билан тезкорликда аҳолига етказишда тенгсиздир. Лекин, уларда холисликка, тил меъёрларини, ахборотни етказиш қоидаларига қанчалик амал қилинаётир, деган масалаларга (ҳозирча) унчалик ҳам эътибор берилмаяпти.
Юқорида Абдулла оға матбуот журналистикасини “классик”, дея эътироф қилди. Шу нуқтаи назардан мен матбуот журналистикасидан воз кечишни авваллари қўшиқчилик санъатидаги эстрадага ҳаддан зиёд эътибор қаратилиб, тамомила бизнесга айланиб қолган ёки бир пайтлар давлат фильмларининг “танаффуси” туфайли томошабинлар диди ва савиясини туширишгагина хизмат қилган кинолар тасвирга олинишига сабаб бўлган ҳолатга ўхшатаман. Бугун ҳар иккала санъат вакиллари ҳам ўша эътибордан четда қолган “классик” санъатга қайтишга ҳаракат қилаётгани барчага аён.
Зукко ва юқори салоҳиятга эга томошабинлар ҳозирда айрим хусусий телеканаллар ва интернет сайтларида журналистикага қўйиладиган энг асосий талабга, яъни холисликка ва ахборот етказиш, шу жумладан реклама тўғрисидаги қонун талабларига қай даражада амал қилинаётганлигини яхши биладилар.
Бунинг ўзи алоҳида мавзу бўлгани учун бу борадаги фикримизни россиялик профессор В.Монаховнинг қуйидаги сўзлари билан якунламоқчи эди: “Интернетнинг вужудга келиши туфайли, – деб ёзади олим, – оммавий ахборот билан ишловчи анъанавий ва профессионал субъектлар – журналистлар қаторига ушбу машғулотнинг минглаб ва миллионлаб ишқибозлари келиб қўшилдилар. Уларнинг жуда кўпчиликлари журналист касбининг анъаналари ва нормалари ҳақида заррача ҳам тасаввурга эга эмаслар”.
ГАЗЕТАЛАРДА ЖУРНАЛИСТЛАР ИШЛАМАСА ҲАМ,
чекланган нусхада чоп қилинса ҳам матбуот яшаши керак!
Бугун ахборот технологиялари ривожланди, барча маълумотни интернетдан олиш имконияти бор, газетанинг вақти ўтди, дегувчилар орамизда кўплиги учун бир-иккита мисоллар келтираман.
Масалан, интернетдан «Мўйноқ» ҳақида изласангиз фақат сўнгги йилларга оид маълумотларни топасиз. Бундан 30-40 йил олдинги давр маълумотларини оддий инсонлар (архив ҳужжатлари ва бошқа ускуналарсиз) фақат газеталардан олишлари мумкин. Ёки бўлмаса Бўзатов туманининг олдинги вақтдаги иқтисодиёти ва бошқа соҳалари интернетдан топилмайди. Интернетга киритилса ҳам (ҳамиша фойдалана оладиган) кафолатли манба бўлолмайди. (Муҳим сиёсий ва оммавий тадбирларда тегишли сайтларга жойланган маълумотларни орадан кўп вақт ўтмай топиш қийин бўлган вазиятларга кўп бор гувоҳ бўлдим).
Шунинг учун таҳририятларнинг журналистларга (муносиб) ойлик маош беришга иқтисодий имконияти бўлмаса ҳам, газеталарда журналистлар ишламаса ҳам майли чекланган нусхада чоп қилинса ҳам матбуот яшаши керак!
Бу, газетада ишлаганим учун ёки иш жойимни сақлаб қолиш илинжида айтилган гаплар эмас, рўзғорни бир амаллармиз…
Яқинда, шу шаҳардаги қариндошларимизникига бордим, уйида усталар ишлаётган экан. Дам олиш куни бўлгани учун кечгача уларга ёрдамлашдим. Шунда уларнинг ёши каттаси: “Ана шундай дам олиш кунларингда бизлар билан ишласанг бўларкан, пулини оласан”, деди.
– Қанчадан…
– Бир кунинг ўртача 80-100 минг сўмдан тўғри келади…
Қойил, бир ойда 3 миллион оларканман. Бу маблағни топиш учун (олий маълумотли диплом билан) таҳририятда икки ярим ой ишлашга тўғри келади, дедим-у бошқа ишчилар ойликларини ҳам (эҳтиёт шарти) суриштириб кўрдим. Суҳбатлашган ҳайдовчиларимдан бирининг айтишича (икки кундан бир маротаба ишга чиқади) туманларга юк ташигани учун ойига ўртача 2,5-3 миллион сўмдан топар экан. Бирон муассасада 3 кунда бир маротаба қоровуллик қиладиган ходимлар ҳам (1 ойда 10 кун ишга чиқади) ўртача 1 миллион 300 минг 1,5 миллионгача ойлик маош олар экан. Айтмоқчиманки, матбуот журналистлари дипломларини сандиққа солиб, оддий ишчи бўлиб ишласалар ҳам бугун матбуот мухбирлари олаётган ойлик маошдан кўпроқ моддий даромадга эга бўлишлари мумкин. (Мухбирларда маошдан бошқа даромад йўқ. Баъзан маошдан ташқари гонорарнинг миқдорини сўраб қолишади. Бошқалар олса керак, 13 йилдирки, ҳали мен гонорар олиб кўрмадим)
Матбуот жамиятнинг кўзгуси сифатида юртимизнинг кундалик тарихини ҳамма (жуда бўлмаганда кутубхоналардаги тахламларидан) фойдалана оладиган даражада саҳифаларига муҳрлаб борадиган ягона оммавий ахборот воситасидир. Бу ҳозир жадал ривожланаётган ОАВлар тарихидан аён. Оддий халқ юртимизда радио, телевидение ёки интернетда қандай ахборот берилганини аниқ билмайди, ёки уларни қайта фойдалана олмайди.
(Яқинда ўтказилган сайловлар жараёнида (амалдаги қонунчиликда матбуотда эълон қилиниши шарт бўлган маълумотлар бўлгани учун) айрим ҳудудий нашрларнинг иқтисодий ахволига бироз эътибор қаратилди. Аммо, эндиликда яна бир сиёсий жараён, ёки оммавий тадбиргача газеталар унитилади, назаримда).
Матбуотда ёритилган ахборотлар эса кенг омма фойдаланишига қулайлиги ва сақланиши ҳам мангуликка дахлдорлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Хулоса ўрнида ҳар йили нишонланадиган касб байрамимиз санасида илк сони нашр қилинган “Тараққий” газетасининг биринчи сони, 1-саҳифасида берилган фикрлар билан мақолага якун ясамоқчиман. «…ҳозирда ижтимои, калом, матбуот учун берилган харит(харажат)лар; тўшак устида оғзига сув томизилиб турган оғир хастадек эканини тилсиз ва кўр табиблар ҳам тасдиқ этурлар»
Ғайратжон ОТАЖОНОВ,
«Қорақалпоғистон тонги» газетаси мухбири.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги