Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликнинг янги босқичи

Мурожаатномада олий таълим тизимининг устувор йўналиши сифатида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги яна бир карра таъкидлаб ўтилди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади – малакали ва замонавий билимга эга кадрлар тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари билан халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу орқали юртимиздаги олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимларининг хорижий университетлар, илмий тадқиқот муассасаларида илмий ва академик тажрибасини орттириши учун имконият яратиш ишларига катта аҳамият қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, бугунги кун талабаларининг хорижий олий таълим муассасаларида қисқа ва узоқ муддатли ўқув-курслари, конференция ва семинарларда иштирокини таъминлаш, хорижий ОТМлар билан ҳамкорликда таълим дастурларини жорий этиш, таълим жараёнига хорижий малакали мутахассисларни жалб этиш каби бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширишни тақозо этади.– Мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан бири Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳам мазкур вазифаларни амалга оширишда яқин йилларга мўлжалланган ўз стратегиясини ишлаб чиқиб, унинг негизида бир қатор самарали ишлар йўлга қўйилмоқда, – дейди мазкур таълим муассасасининг Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ш. Шаниязов. – Бу борада сўнгги йилларда эришган натижаларимиз бунинг яққол исботидир.

Таъкидлаш жоиз, Қорақалпоқ давлат университети шу кунгача Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Украина, Португалия, Польша, Словакия, Италия, Испания, Венгрия, Австрия, Германия, Жанубий Корея, Озарбайжон, Хитой Халқ Республикаси ва Буюк Британия Қироллиги олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик шартномаси ҳамда меморандумлар имзоланди. Ўтган йилнинг ўзида 20 га яқин хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномаси ва меморандум имзолашга эришилди. Хусусан, жаҳоннинг нуфузли “QS World University Rankings” мингталик рейтингида қайд этилган Россиянинг 4 та, Италиянинг 1 та, Испаниянинг 1 та, Португалиянинг 1 та, Қозоғистоннинг 2 та, Украинанинг 1 та, Австриянинг 1 та университетлари билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди. Бундан ташқари, халқаро ҳамкорлик, таълим ва маданият ташкилотлари ҳисобланган ITEC, DAAD, KOICA, JICA, TIKA, GIZ, British Council, “SES” кабилар билан ҳам яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ушбу ҳамкорлик натижасида Жанубий Кореянинг KOICA ташкилотидан 1 нафар волонтёр, Германиянинг “SES” ташкилотидан 1 нафар мутахассис университет таълим жараёнига мунтазам жалб этилиб, талабаларга корейс ва немис тиллари бўйича дарс бериб келишмоқда.

photo5296560344262618277.jpg

Халқаро ҳамкорлик фаолиятининг ўтган йилдаги энг катта ютуғи – Россия Федерациясининг Москва давлат миллий тадқиқот қурилиш университети, Астрахан давлат университети, Беларусь Республикасининг Беларусь давлат технология университети билан талабаларга икки томонлама диплом бериш имкониятини берадиган қўшма таълим дастурларининг (Double degree programs) жорий этилиши бўлди. Ушбу таълим дастурлари 3 та бакалавр таълим йўналиши ва 8 та магистратура мутахассислиги бўйича Оролбўйи ёшларининг Қорақалпоқ давлат университети ҳамда хорижий ҳамкор олий таълим муассасаларида таълим олишини таъминлайди. Жумладан, 2019-2020 ўқув йилида мазкур қўшма таълим дастурларига 47 нафар талаба қабул қилинди. Келгусида Россия, Қозоғистон, Словакия, Туркия, Хитой давлатларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳозирги даврда талаб юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурларини жорий қилиш режалаштирилган.

Университетда таълим олишга қўшни давлат ёшларининг қизиқиши йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2018-2019 ўқув йилида таълим олган хорижий талабалар сони 188 нафарни ташкил этди.Олий таълим муассасасида профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2019 йилда 20 нафар профессор-ўқитувчи хорижий давлатларда ташкил этилган малака ошириш ва стажировка курсларида иштирок этиб қайтди. Улардан 8 нафари “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан, 6 нафари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги гранти асосида стажировка ва малака ошириш курсларига юборилган бўлса, 6 нафари хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари ва ташкилотларнинг грантлари ҳисобидан малакасини оширди.

Сўнгги икки йилда университетнинг хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб этиш кўрсаткичи ҳам анча ошди. Масалан, 2017 йилда университетда дарс берган хорижий профессор-ўқитувчилар сони 10 нафарга етмаган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилда 14 нафар, 2019 йилда 25 нафарга етди. 2018-2019 ўқув йилида таълим жараёнига таклиф этилган 39 нафар профессор-ўқитувчининг 10 нафари жаҳоннинг нуфузли “QS World University Rankings” мингталик рейтингида қайд этилган хорижий олий таълим муассасаларининг тажрибали ўқитувчи педагоглари ҳисобланади. Бу ўз навбатида университет профессор-ўқитувчиларига халқаро интеграция учун йўл очиб, уларнинг хорижий олий таълим муассасаларида ташкил этилган академик алмашинув дастурлари, лойиҳалар, ўқув курслари, семинар ва конференцияларда иштирок этишига замин яратиб бермоқда. Натижада сўнгги икки йилда университетдан 87 нафар профессор-ўқитувчи хорижий давлатларда академик алмашинув дастурлари, лойиҳалар, ўқув курслари, семинар ва конференцияларда иштирок этиб қайтишди.

photo5296633285692206302.jpg

Университет талаба-ёшларининг хорижий давлатларда таълим олиши ва хорижий тилларни ўрганиши учун барча имконият яратилган. Бунга мисол сифатида 2019 йилда 19 нафар талаба хорижий олий таълим муассасаларида ташкил этилган ёзги курс, семинар-тренинг, илмий-амалий конференция, тил ўрганиш курслари ва симпозиумларда иштирок этишганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, икки нафар талаба Японияда ўтказилган тил ўрганиш курсида муваффаққиятли иштирок этган бўлса, 1 нафар талаба Словакиянинг Нитра қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликдаги “ Институтлараро талабалар ва ходимларни кредит мобиллик алмашинув” лойиҳаси доирасида 10 ойлик ўқув курсида таълим олмоқда.

Университетда Орол денгизи экологик муаммосининг оқибатларини бартараф этиш мақсадида илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, бу бўйича хорижий ҳамкорларни жалб этишга катта эътибор қаратилган. Шу сабабли 2019 йилда Хитой Фанлар академияси илмий тадқиқот институтлари билан Орол денгизи экологик муаммосини илмий ўрганишга бағишланган “Орол денгизи ҳавзасидаги экосистема ва сув ресурслари” мавзусида Халқаро илмий-амалий семинар ташкил этилди. Унда Хитой, Канада, Қозоғистон давлатларидан 32 нафар хорижий олимлар ва профессор-ўқитувчилар иштирок этишди.

Олий таълим муассасаси раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари 2019 йилнинг октябрь ойида Хитой Фанлар академиясининг Синьцзян экология ва география илмий тадқиқот институти томонидан ташкил этилган “Экология, атроф-муҳит ва минтақавий барқарор ривожланиш” мавзусидаги Хитой-Ўзбекистон ўзаро ҳамкорлик Симпозиумида иштирок этиб, тадбир доирасида “Хитой ва Ўзбекистоннинг биргаликдаги ташаббуси — Орол денгизи минтақасини экологик қайта тиклаш” тўғрисидаги Урумчи Декларациясининг имзоланишига муваффақ бўлди. Университет базасида “Экология ва табиатни муҳофаза қилиш” Ўзбекистон-Хитой қўшма лабораториясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, Жанубий Кореянинг “WE Energy” ҳамда “Hanbеk Construction Co., Ltd” компаниялари билан ҳамкорликда университетда ҳар бирининг қуввати 350 Вт бўлган қуёш электр панеллари ўрнатилиб, лойиҳанинг инвестицион қиймати 30 минг АҚШ долларига тенг бўлди. Мазкур қуёш электропанеллари талабаларга амалиёт ўташ учун имконият яратиши билан бирга олий таълим муассасасида қуёш энергиясидан фойдаланиш тажрибасини ҳам жорий этади.

2019-2020 ўқув йилида университетда Европа Иттифоқининг Эрасмус плюс дастурининг 5 та лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шунингдек, Словакиянинг Нитра қишлоқ хўжалиги университети ва Испаниянинг Гранада университети билан “ Институтлараро талабалар ва ходимларни кредит мобиллик алмашинув” лойиҳалари доирасида талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларни академик алмашинув йўлга қўйилган. Мазкур лойиҳалар доирасида университетга 2019 йилдавомида 89 минг 747 евро миқдоридаги компьютер жиҳозлари ва лаборатория ускуналари инвестиция тариқасида олиб келинди.

photo5296633285692206303.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА