Аҳолишунослик соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама этилди​

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева 29 январь куни БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (ЮНФПА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ю Ю билан учрашди.
Мулоқотда соғлом оилани шакллантириш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам беришга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишга доир масалалар муҳокама қилинди.
ЮНФПА ваколатхонаси раҳбари оналар ва болалар ўлими даражасини камайтириш ҳамда оилалар фаровонлигини ошириш бўйича Ўзбекистон эришган муваффақиятларни қайд этди. Шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва давлат ишларини бошқаришдаги ролини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар сиёсатини ва Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш борасида мамлакатимиз эришаётган ютуқлар алоҳида таъкидланди.
2022 йилда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ташкил этилишига, мамлакатда гендер статистикаси жорий қилинишига ижобий баҳо берилди. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилингани, муҳтож аёлларни уй-жой, иш билан таъминлашга қаратилган аниқ саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани, уларнинг бандлигини таъминлаш учун мақсадли кредитлар ажратилаётгани эътироф этилди. Бу масалаларда ЮНФПАнинг Ўзбекистон ҳукуматига кўмаклашишга тайёр экани билдирилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Гендер стратегияни тайёрлаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолини рўйхатга олиш, ёшлар парламентини шакллантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.

 

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА