Мўйноқ – бугун юртимизнинг энг олис ва чекка тумани эмас, балки қайноқ воқеалар марказидаги, ташаббуслар оғушидаги, ўзгаришларга ошуфта марказий ҳудудлардан бирига айланди.
Сир эмас, сал илгари Мўйноқ деса, Орол тарк этган, туз конига айланган, қолаверса, мамлакатимизнинг энг олис ва чекка тумани тушуниларди. Бу ерга боришни ҳеч ким орзу ҳам қилмас, аксинча бу ердагилар бошқа жойларни кўзларди, адашмасам.
Кейинги бир-икки йилда эса Мўйноққа бўлган эътибор бутунлай ўзгарди. Давлатимиз раҳбари бу ҳудудга шахсан ўзи бориб тоза ичимлик суви тармоғи очилишига бош-қош бўлди. Шу ҳаёт манбаи билан, таъбир жоиз бўлса, Мўйноққа ҳаёт қайтди.
Турли экспедициялар уюштирилиб, туманнинг иқтисодий салоҳияти ўрганилиб, бу ерда янги лойиҳалар асосида бунёдкорлик ишлари, ишлаб чиқариш иншоотлари барпо этилмоқда, янги туристик манзиллар очилаётир.
Шу кунларда Орол суви тортилган ҳудудларда саксовулзорлар барпо этилмоқда. Қувонарлиси, бу хайрли ишга юртимиздаги нуфузли ташкилотлар вакиллари, ташаббускор ёшлар бориб ҳисса қўшяпти.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан эса Мўйноқ туманида янги автостанция барпо этилди.
Куни кеча тантанали равишда очилиб, фойдаланишга топширилган бу иншоот нафақат мўйноқликларга, балки бу манзилга эзгу мақсадлар билан бораётган кишиларга ҳам сифатли транспорт хизмати кўрсатилишида муҳим ўрин тутади.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддиновнинг айтишича, мазкур лойиҳа қиймати 1 миллиард сўмни ташкил этган.
Автостанция биноси учун туман марказига киришда Ажиниёз кўчаси бўйидан 40х30 м. ер майдони ажратилиб, қурилиш ишлари 2019 йилнинг октябрь ойида бошланган.
Автостанция биносида автобекатдан ташқари савдо дўкони, автотранспортлар учун эҳтиёт қисмлар дўкони, диспетчер хонаси, она ва болалар хонаси ҳамда йўловчилар учун замонавий кутиш жойи бор.
Хуллас, энди Мўйноққа йўлингиз тушса, транспорт хизматида муаммо бўлмайди. Чунки янги автобекат маъмурияти транспорт қатнови яхши бўлиши учун барча чораларни кўради.
Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА