Мўйноқдаги ҳашарчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди

Жиззахдан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига яна бир озиқ овқат маҳсулотлари юкланган автокарвон йўлга чиқди. Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан Оролнинг қуриган ҳудудида ўрмон барпо этишда иштирок этаётганларга озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Оролбўйи аҳолисининг турмиш тарзини яхшилаш, ҳудудда юзага келган экологик вазиятни юмшатиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.Бугунги кунда Орол денгизи ҳудудида қуриган ҳудудида ўрмонларни юзага келтириш, кўкаламзорлаштириш, ободлаштириш ишлари амалга оширилмоқдаБу хайрли ишларда республикамизнинг барча вилоятлари қатори Жиззах вилоятидан 150 нафардан ортиқ механизатор, ўрмон ва қишлоқ хўжалиги, фавқулодда вазиятлар муассасалари ходимлари саксовул уруғларини йиғиб, экишмоқда. Шу мақсадда вилоятдан 25 та юқори унумдор трактор, 4 та ўқ ариқ олиш, 3 та чизель тортиш, сув ва ёнилғи ташиш техникалари, 11 та тиркама ва 1 та автобус ажратилган.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълумотига кўра, бошқарманинг шахсий таркиби ҳам бу ҳашарга ўз ҳисса қўшиш мақсадида Оролбўйида меҳнат қилаётганларга картошка, гўшт, ўсимлик ёғи, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатди.

 

Тошқул БЕКНАЗАРОВ, ЎзА