Президентимизнинг парламентга йўллаган Мурожаатномасини Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси ҳам катта қизиқиш ва умид билан кутиб олди.
Санобар Хўжамурадова, Амударё туманидаги 40-умумтаълим мактаби директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати:
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаатномасини катта қизиқиш билан тингладик. Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатномасида таълим соҳасига ва ёшлар тарбиясига алоҳида тўхталиб ўтди. Менга айниқса, Президентимизнинг илм, маърифат бўлмаган жойда қолоқлик, жаҳолат, асосий мақсаддан чекиниш бўлади, деган фикрлари ёқди. Дарҳақиқат, биз ёшларимизнинг илм-маърифатли бўлиши учун ўз ишимизга катта масъулият билан ёндашишимиз керак. Айниқса, таълим соҳаси ходимлари бунга алоҳида эътибор бериши керак.
Шунингдек, таълим сифатини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги мактабларнинг қурилиши, хусусан, иқтидорли ўқувчилар учун Президент ва ижод мактабларининг ишга туширилиши, хусусий давлат шерикчилик мактаблари режалаштирилаётганлиги ҳар биримизда катта қизиқиш пайдо қилди.
Буюк аллома Имом Бухорийнинг “Амаллар ниятга қараб бўлади”,- деган фикрининг келтирилиши жуда ўринли бўлди. Шу нуқтаи назардан, агар биз яхши ният қилсак, халқимизнинг фаровонлиги, мамлакатимизнинг буюк равнақи, ёшларимизнинг ойдин келажаги учун ҳаракат қилсак, ниятларимиз албатта амалга ошади.
Светлана Сон: Хўжайли туманидаги 1-“Меҳрибонлик уйи” директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:
Мустақил мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Ҳар йили битирувчиларнинг олий таълим юртларига кириши, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида маҳаллий ҳокимликлар, манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда муайян ишлар қилинмоқда.
Бугунги кунга “Меҳрибонлик уйи”нинг 43 нафар битирувчиси уй-жой билан таъминланди. Жумладан, янги йил байрами арафасида 1 нафар тарбияланувчимизга Нукус шаҳридан берилган янги уй-жойнинг 39 миллион сўмлик бошланғич бадали “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан тўлаб берилган бўлса, 18 нафар битирувчимизга уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилди. Айни кунда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўзида 8 нафар битирувчимиз олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишига, 1 нафари эса магистр йўналишига ўқишга кирди.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбари “Меҳрибонлик уйи” битирувчиларининг бандлиги ва уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Айниқса, Президентимизнинг “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари ғамхўрчиси, меҳрибони, суянчи давлат ва жамият эканлигини доимо ҳис қилиб яшаши керак” деган сўзлари уларга кўрсатилаётган эътиборнинг яна бир намунаси бўлди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА