Орол денгизининг қуриган тубида чўл ўсимликларини экиш ишлари қизғин паллада

Жорий мавсумда Орол денгизининг қуриган тубидаги 700 минг гектар майдонга чўл ўсимликларини экиш белгиланган бўлса, бугунги кунга қадар шундан 282 минг гектардан ортиқ майдонда кўчат ўтқазилиб, уруғ сепилди. Яъни режа 40 фоиздан ошди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг тезкор маълумотига кўра, 67559 га ер майдони экишга тайёрланган. 2400 тонна чўл ўсимликлари уруғи йиғилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 1718 тонна тайёрланган. Жумладан, 956, 3 тонна саксовул, 541 тонна қандим, 155 тонна қорабарақ, 64,2 тонна яйлов чўл ўсимликлари уруғи тўпланган. Уруғ тайёрлаш ишларига ишчилар билан бирга Мўйноқ тумани аҳолиси ҳам кенг жалб қилинган. Уруғнинг ҳар килограммига 10 минг сўмдан берилмоқда.
Ўрмонлаштириш тадбирлари кўчат ўтқазиш ва уруғ сепиш орқали амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунга қадар 8100 гектардан ортиқ майдонда юлғун, қорабарақ, саксовул ўсимликларининг кўчатлари ўтқазилган бўлса, қарийб 274 минг гектарига қандим, қорабарақ, саксовул уруғлари сепилди.
Уруғдан ўрмон экиш тадбирлари асосан тракторлар ва АН-2 самолётлари орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек, делтапланда уруғ сепиш йўлга қўйилди. Делтапланда 700 гектар, тракторлар ёрдамида 43 минг гектардан ортиқ, самолётлар ёрдамида эса 229,5 гектар майдонга уруғ сепилди.
Ҳозирда Оролнинг қуриган тубида ўрмонлаштириш тадбирларига 850 та техника (жумладан 4та самолёт) ва 2500дан ортиқ ишчилар жалб қилинган.
Мазкур тадбир 2018 йил декабрь ойида бошланган бўлиб, ўтган мавсумда 460 минг гектардан ортиқ майдонда чўл ўсимликлари экилган эди.
Умуман, ўрмонлаштириш тадбирлари денгиз чекингандан кейин, яъни ўтган асрнинг 80 йилларида бошланган бўлиб, қарийб 40 йил давомида атиги 400 минг гектар майдон ўрмонлаштирилган эди. 2018 йилгача, яъни янги ўрмонлаштириш даври бошлангунга қадар Мўйноқда ўрмонлаштириш тадбирларига атиги иккита трактор (Т28 маркали) ва 10-15 ишчи жалб қилинган.

 

Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА