Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Cенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг қўшма мажлисини чақириш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати сайловига оид айрим ҳужжатларнинг намуналарини тасдиқлаш масалалари ўрин олди.
Йиғилишни Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов олиб борди.
Илгари Олий Мажлис Сенати аъзоларини шакллантириш Марказий сайлов комиссиясининг низомига мувофиқ ўтарди. Янги қабул қилинган Сайлов кодексида Сенатни шакллантириш тартиби алоҳида 14-боб, 13 моддада белгилаб қўйилди. Сайлов кодексига мувофиқ, Сенат аъзоларининг сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайланганидан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, тегишли вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг қўшма мажлисини чақириш Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Марказий сайлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, маҳаллий Кенгашларга сайлов якунлари эълон қилинганидан кейин уч кунлик муддатда Сенат аъзоларини сайлаш учун қўшма мажлислар ўтказилишини эълон қилади. Қўшма мажлис, агар унда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.
Қўшма мажлисни Марказий сайлов комиссияси аъзоси очиб, энг обрўли, тажрибали, катта ёшли депутатлар орасидан мажлисга раислик қилувчи тўғрисида таклиф киритади. Қўшма мажлиснинг ишини олиб бориш учун очиқ овоз бериш орқали уч кишидан беш кишигача миқдорда ишчи ҳайъат сайланади, шунингдек, тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун уч кишидан иборат Котибият тузилади.
Ушбу қоидаларга мувофиқ мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайлови бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисларини 2020 йилнинг 16-17 январь кунлари ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди. Қарорга мувофиқ ҳудудларда қўшма мажлисларни ўтказиш муддатлари, жойи ва Марказий сайлов комиссиясидан иштирок этувчи масъуллар ҳақидаги режа-жадвал тасдиқланди.
Сайлов кодексига мувофиқ, Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш қўшма мажлисда амалга оширилади. Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш учун раислик қилувчининг тақдимномасига биноан очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан Маслаҳат кенгаши сайланади. Маслаҳат кенгаши катта тажрибага эга бўлган энг обрўли, катта ёшли депутатлар орасидан, қоида тариқасида, ҳар бир маҳаллий Кенгашдан биттадан вакил сайланади. Маслаҳат кенгаши ўз раисини сайлайди.
Маслаҳат кенгаши фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли депутатлар орасидан Сенат аъзолигига номзодларни кўрсатади ва кўриб чиқади ҳамда сайлов бюллетенига киритиш учун таклиф киритади.
Номзодларнинг алоҳида-алоҳида эшитуви ва муҳокамаси натижаларига кўра, қўшма мажлисда уларни сайлов бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Қўшма мажлисда иштирок этаётган депутатларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берган Сенат аъзолигига номзод сайлов бюллетенига киритилган ҳисобланади. Сайлов бюллетенига олти нафардан кам бўлмаган Сенат аъзолигига номзодлар киритилади.
Кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати сайловига оид айрим ҳужжатларнинг намуналарини тасдиқлаш ҳақидаги қарор лойиҳаси ва унинг иловалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенат аъзолари сайловига доир сайлов бюллетенларининг, баённомаларнинг ҳамда бошқа ҳужжатларнинг намуналарини тасдиқлайди.
Йиғилиш қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сайловига доир “Сайлов бюллетени”, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари қўшма мажлисининг баённомаси, шунингдек, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари қўшма мажлиси Маслаҳат кенгаши йиғилишининг ҳамда Саноқ комиссияси баённомасининг намуналари тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (юқори палатаси) ҳудудий вакиллик палатасидир. Сенат аъзолари (сенаторлар) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади.
Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.
Сенат иши ялпи мажлисларга ва унинг қўмиталари мажлисларига тўпланадиган сенаторлар фаолиятига асосланади. Сенатнинг ваколат муддати беш йил. Ваколат муддати тугагач, Сенат янги чақириқ Сенати иш бошлагунга қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.
Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Сенат аъзоси бўлиши мумкин. Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Сенат аъзоси ва Қонунчилик палатаси депутати бўлиши мумкин эмас.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА