Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистондаги ўрта мактабларнинг 10-11-синфларида учинчи чоракдан бошлаб фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитила бошланади. Тажриба синов 2019-2020 ўқув йили якунига қадар ўтказилиши кўзда тутилган.
Янги тизим ўқувчиларга мактабнинг ўзида олий таълим муассасасига кириш имтиҳонига тайёрланиши учун имконият яратиб, репетиторга эҳтиёжини камайтиради. Шунингдек, ўқувчиларнинг вақти тежалади. Натижада ота-оналарнинг репетиторга сарфлаётган маблағи тежалиб, кам таъминланган оила фарзандлари учун ҳам OTMга бепул тайёргарлик кўришга имкон яратилади.
Вазирлик танлов синфини ташкил этиш учун беш йўналиш:
1. Хорижий тил ва филология йўналиши, молия;
2. Иқтисод йўналиши;
3. Технология йўналиши;
4. Табиий фанлар йўналиши;
5. Ижтимоий-гуманитар йўналиш кабиларни таклиф этган.
“Вариатив ўқув режаларининг жорий этилиши натижасида 10- ва 11-синфлар ўқувчилари ўқийдиган мажбурий фанлар сони 15 тадан 8 тага камаяди. Мазкур ўқув режасини тажриба-синовдан ўтказиш жараёнида она тили ва адабиёти, ўзбек тили/рус тили, чет тили, тарих, математика, информатика, маънавият асослари (тарбия), жисмоний тарбия фанлари мажбурий ўқитилади. Мазкур мажбурий фанларга ажратилган соатларнинг миқдори таянч ўқув режада белгиланган миқдордан (10-синфда жами 19 соатдан, 11-синфда 19,5 соатдан) кам бўлмаслиги лозим”, дейилади вазирлик хабарида.

ЎзА