Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, у ёки бу маънода байрамлар бутун бир халқ ва давлатлар тарихи ҳамда қадриятларни ўзида мужассам этишига гувоҳ бўламиз. 
Байрамларни нишонлашда уларнинг мазмун ва моҳиятидан келиб чиқиб уч тоифа, яъни диний-эътиқодий, сиёсий ҳамда ижтимоий ёки умумхалқ байрамларга ажратиш мумкин.
Диний-эътиқодий байрамлар тоифасига турли халқларнинг ўзлари эътиқод қилган динлари асосидаги эътиқодий аҳамиятга эга байрамларни киритиш мумкин. Буни мусулмонлар ва ислом давлатларида нишонланадиган икки Ийд байрамини, христиан динига эътиқод қилувчи аҳоли ва мамлакатларда шодиёна қилинадиган “Пасха” ва “Рождество” байрамларини, шунингдек, буддавийлар томонидан Сидхарта Гаутаманинг нурланган кунининг катта байрам сифатида нишонланишида кўриш мумкин.
Турли мамлакатларда нишонланадиган сиёсий байрамлар эса, маълум бир халқ ёки давлатнинг азалий орзуси ушалган кунни байрам сифатида фақатгина ўша юрт ва халқ томонидан тантана қилинишига айтилади. Масалан, мамлакатнинг мустақилликка эришган куни, давлат Конститутцияси қабул қилинган сана ёхуд бир давлатнинг ташкил топган кунига бағишлаб ўтказиладиган байрамларни келтириш мумкин.
Ижтимоий ёки умумхалқ байрамлари турига дунё халқларининг тарихий ривожланиш босқичлари даврида урф-одат ва анъана ҳамда табиий шароитдан келиб чиққан ҳолда юзага келган қадим илдизга эга байрамларни киритиш мумкин.
Жамиятшунос олимларнинг тадқиқотига кўра, бу турдаги байрамлар аксарият ҳолларда мавсумий кўриниш ва аҳамиятга эгадир. Яъни, ушбу тоифадаги байрам саналари асосан йилнинг тўрт фаслига тааллуқли бўлиб, баҳор, ёз, куз ва қиш фаслларида нишонланади.
Янги йил санаси ҳам айнан мана шундай тавсифга эга бўлгани боис аксарият дунё халқлари томонидан ижтимоий байрам сифатида шодиёна қилиб келинмоқда.
Милодий янги йилнинг кириб келиш санаси бугунги кунда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши ҳам юқоридаги фикримизни исботлайди. Шу боис кўпгина давлатларда айнан янги йил арафасида расмий равишда аҳолига қишки таътил ва дам олиш кунлари тақдим этилади.
Ҳозирги кунда дунёнинг кўпгина давлатлари қаторда 30 дан ортиқ асосий аҳолиси мусулмон бўлган мамлакат ва 300 миллионлик мусулмон аҳоли яшаётган Ҳиндистонда ҳам янги йил байрами кенг нишонланади. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати эса айнан янги йил арафасида 20 декабрдан 20 январгача Янги йил байрамини маҳаллий аҳоли ва саёҳатчилар эътиборини тортадиган равишда жозибали ҳамда кенг тарзда нишонлашни анъанага айлантирган.
Демак, бугунги кунда милодий Янги йилнинг кириб келиш санаси мусулмон мамлакатларда ҳам байрам сифатида нишонланиши унинг диний ва шаръий ҳукм ҳамда эътиқодий аҳамиятга эга бўлмай, ҳар бир давлат ўз дунёвий манфаатлари асосида нишонлайдиган ижтимоий байрам эканини кўрсатади.
Ўзбекистонда Мустақиллик йилларида Янги йил байрамини бағрикенг ва кўп миллатли халқимиз томонидан нишонлашда ўзига хос ижобий ўзгариш ва янгиликлар бўлмоқда. Янги йил ўтган йилнинг сарҳисобини қилиб, янгидан-янги марра ва мақсадларга эришиш йўлларини белгилайдиган, бир-бирини қутлайдиган самимиятга йўғрилган байрамга айланди.
Бугун глобаллашиб бораётган дунёда янги йил шукуҳи ҳам ўзгача тус олиб бормоқда. Ҳозирда диний бағрикенглик тамойилини илгари сураётган кўплаб мусулмон мамлакатларида янги йилни нишонлаш масаласига ҳам кенгроқ ёндашиш талаб этилмоқда. Чунки мусулмон халқлари кўпчиликни ташкил қиладиган давлатлар халқаро миқёсда ўзига бўлган ишончни ошириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтириш ва ўз иқтисодиётини кучайтириш масаласида бошқа ҳамкор давлатлар билан интеграция жараёнига эркин киришиши муҳим аҳамиятга эгадир.
Бу фикрга ўз ҳаётимдаги бир воқеа мисолда яққол ишонч ҳосил қилганман. 2007 йили Германиянинг Фрайбург шаҳрида таҳсил олиш давомида ижарада яшаган хонадонимизнинг бекаси Хелена Кохмасс хоним 31 декабрь куни мени ва Мисрдаги ал-Азҳар университети профессори Аҳмад Рифаийни ўз оила аъзолари билан яқиндан таништириш учун Янги йил дастурхонига таклиф қилди. Немис аёли бизнинг мусулмон эканимизни ҳурмат қилиб, биз учун турк мусулмон ресторанига буюртма берди ва алоҳида дастурхон ёзди. Шунда биз ҳам ўз навбатида немис оиласи урф-одатлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик.
Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон ёшларига шуни айтмоқчиманки, ҳозирги глобаллашув шароитида динийлик ва дунёвийлик ўртасига қатъий тўсиқ қўйиш ўзаро дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Агар ўз эътиқодингиз моҳиятини тушунтира олсангиз барчада сизга нисбатан ҳурмат ва бағрикенглик муносабати шаклланиши шубҳасиз. Сизнинг ҳам уларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишингиз эса ўртангиздаги дўстликни мустаҳкамлаб, самимий муносабатларни ривожлантиришига ишонаман.
Шундай экан, ҳозирги мураккаб, мафкуралар кураши кечаётган бир замонда мусулмонлар олдида турган глобал муаммолар қолиб, шаръий ҳукм орқали эътироз билдирилмаган Янги йил каби байрамларни нишонлаш ёки байрам қилмаслик борасида ортиқча фикрлар билдириш мақсадга мувофиқ эмас, назаримда.
Ўйлайманки, шу йўл билан биз ёшларимизни мутассиблик кайфияти ва ҳар бир масалага кўз кўрона ёндашиш туйғусидан халос этган бўламиз.
Илхомжон БЕКМИРЗАЕВ,
тарих фанлари доктори.
ЎзА