Ўзбекистонда янги университет очилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “TEAM университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатга мувофиқ, университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади, мустақил балансига эга, ихтиёрида бўлган пул маблағлари ва мол-мулки билан ўз мажбуриятларига жавоб беради.
Университетда ўқув-методик раҳбарлик ва таълим жараёнининг олиб борилиши тузиладиган битимлар асосида етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ҳам таъминланади.
Таълим жараёни Университет томонидан тасдиқланадиган ва хорижий ҳамкорларнинг ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ инглиз, ўзбек ва бошқа тилларда ташкил этилади.
Университетнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.
Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган давлат ва ёки хорижий ҳамкор намунасидаги диплом берилади.
Давлат намунасидаги диплом берилган тақдирда, университетда таълим жараёни Ўзбекистон Республикасининг олий таълим давлат таълим стандартлари ҳисобга олинган ҳолда хорижий ҳамкорларнинг ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.
Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари университет томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишган ҳолда белгиланади.
Таълим рақамли технологиялар, масофавий таълим хизматлари, вебинарлар, онлайн-ўқитиш, “blended learning” ва бошқа замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида амалга оширилади.
Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, шунингдек юридик шахслар – потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек, ёшларни ўқитиш учун ажратилган хайрия маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар асосида амалга оширилади.
Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квоталари ҳамда тўлов-контракт миқдори ижтимоий-иқтисодий соҳадаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда университет томонидан белгиланади.

 

Инобат АҲАТОВА, ЎзА