Токиода 16 декабрь куни “Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда икки давлат сиёсий ва таҳлилий доиралари вакиллари, экспертлар иштирок этди.
Учрашувда мамлакатимиздаги ўзгаришлар шиддатли тус олгани таъкидланди. Барча соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, мамлакатимизни жадал ривожлантириш ва модернизация қилиш жараёнлари бундан кейин ҳам давом этиши қайд этилди.
Япониянинг етакчи таҳлилчилари ўз чиқишларида Ўзбекистон юритаётган янги сиёсат алоҳида эътиборга лойиқ дея таъкидлади. Мутахассислар, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда бошлаб берган янги сиёсати дунё жамоатчилиги кун тартибига кўплаб ижобий ғоя ва ташаббусларни олиб чиққани, муҳими, улар муваффақиятли амалга оширила бошланганини таъкидлади.
Ўзбекистон ташқи сиёсатда хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш тамойилларига асосланган янги йўлдан бормоқда. Бу Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида янги сиёсий муҳитни пайдо қилди, қўшни давлатлар ўзаро яқин ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилмоқда. Буни яқинда Тошкентда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ҳам тасдиқлади. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан асос солинган мазкур форматдаги учрашувлар минтақа давлатлари раҳбарларининг ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлашга бўлган интилиш ва қатъий сиёсий иродасини яққол намоён этди.
Давра суҳбатида Марказий Осиёда яхши қўшничилик алоқалари, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш жараёнларини Япония фаол қўллаб-қувватлаб келаётганига эътибор қаратилди. Япония биринчилардан бўлиб “Марказий Осиё – Япония” мулоқот механизмини бошлаган. Ушбу мулоқот минтақа мамлакатларининг иқтисодий, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Давра суҳбати якунида икки мамлакат таҳлилий тузилмалари ўртасида алоқаларни янада кенгайтиришга қарор қилинди.
ЎзА