Хитойда “Президент Шавкат Мирзиёев - Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори” номли китоб нашр этилди

Пекиндаги Хитой халқаро муаммолар академиясида “Президент Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу асар ХХР Ташқи ишлар вазирлигининг Хитой халқаро муаммолар академияси мувофиқлаштируви остида “Халқаро ҳаёт” нашриёти томонидан чоп этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Асарда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши ва келажаги юзасидан стратегик қарашлари, давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиё минтақаси, ШҲТ ва Евроосиё ҳудудида хавфсизлик ва тараққиёт таъминланишида тутаётган фаол ўрни ўз ифодасини топган. Ўзбекистон тараққиётининг ўсувчанлиги, мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида тарихан қисқа даврда амалга оширилган изчил ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар хитойлик китобхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган. Унда, шунингдек, муаллифларнинг Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича концептуал ғоялари ҳам акс этган.

Китоб муаллифлари орасида Хитой Халқ Республикасининг нуфузли таҳлилий-илмий марказлари раҳбарлари ҳамда экспертлари, жумладан, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси, Ташқи ишлар вазирлигининг Хитой халқаро муаммолар академияси, Хитой ижтимоий фанлар академияси ва бошқа қатор ташкилотларнинг етакчи таҳлилчилари мавжуд.

Тақдимот маросимида Хитойнинг расмий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-академик доиралари, етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ва дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этдилар.

Хитой халқаро муаммолар академияси президенти Ци Чжэнхун маросимни очар экан, Ўзбекистон етакчиси мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланишидаги асосий вазифаларни белгилаб бергани ва улар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги кенг кўламли ислоҳотлар дастурининг асосини ташкил этишини таъкидлади.

  • Ўзбекистонда рўй бераётган кенг қамровли ўзгаришлар сабаби “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”,“Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди” сингари ҳақиқатга содиқлик билан изоҳланади, – деди у. – Бундай тамойиллар давлат ва жамиятни тизимли ислоҳ қилиш мақсадида Ўзбекистон етакчиси олиб бораётган ички сиёсатнинг асосини ташкил этади.
  • “Президент Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори” китобининг бугунги тақдимотида катнашганимдан бениҳоя хурсандман, – деди Хитой ҳукумати Махсус вакили Ли Хуэй. – Ўзбекистонда сўнгги уч йилда олиб борилаёган прагматик сиёсат туфайли кўпгина соҳаларда катта натижаларга эришилди. Давлат раҳбари Ўзбекистон ривожланишини янги босқичга кўтариш мақсадида тараққиётнинг стратегик йўналишларини белгилаб берди. Мамлакатда чет эл сармоядорлари учун жуда қулай шароитлар яратилгани ҳам барчанинг эътиборини тортмоқда. Мен яқинда Ўзбекистонга сафар қилиб, мамлакат қисқа муддатда жуда катта ижобий ўзгаришларга эришганига гувоҳ бўлиб қайтдим. Шу ўринда икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш таъминлангани, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида стратегик шериклик изчил ривож топаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Хитой Халқ Республикаси ҳукуматининг Евроосиё масалалари бўйича Махсус вакили Ли Хуэй ўз чиқишида Президент Шавкат Мирзиёев узоқ истиқбол кўзланган пухта стратегияни ишлаб чиққани хусусида тўхталар экан, ислоҳотлар Ўзбекистонни тараққиёт ва фаровонлик сари дадил етаклаб бораётганини таъкидлади. У қисқа давр оралиғида Ўзбекистон улкан муваффақиятларни қўлга киритгани, мамлакатимизда изчил ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани, шу боис Марказий Осиёда ва умуман жаҳонда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори тобора юксалиб бораётганини эътироф этди.

45455.jpg

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг биринчи бош котиби, ХХР ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Чжан Дэгуан кейинги йиллар давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз жадал ривожланаётгани хусусида тўхталиб, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот воситасида инсон манфаатларини таъминлаш борасида изчил ва диққатга молик ўзгаришларга эришилаётганини айтди. Шу ўринда хитойлик сиёсатчи “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил Ўзбекистондаги ўзгаришлар асосини ташкил этишини қайд этди.

Хитой тижорат вазирлиги Евроосиё департаменти директорининг ўринбосари Лю Сюэсун мамлакатимизда ислоҳотлар бераётган салмоқли самаралар ҳақида атрофлича тўхталди. У Ўзбекистоннинг ўрни халқаро рейтингларда тобора юқорилаб бораётгани ҳамда мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар иқтисодий муҳит ва сармоявий иқлимнинг тобора жозибали бўлишига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Саидов Хитойда “Президент Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори” китоби чоп этилишидаги ташаббуси учун Хитой халқаро муаммолар академияси ва унинг Евроосиё институти, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси, Шарқий Европа ва Осиё институти, ХХР Давлат Кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий ривожланиш институтининг Тараққиёт тадқиқотлари маркази ва Хитой Халқ университети жамоаларига самимий миннатдорлик изҳор этди.

Дипмиссиямиз раҳбари мамлакатимизнинг минтақавий сиёсати Марказий Осиёда стратегик жиҳатдан изчил ўзгаришга юз тутган муҳитни яратганини таъкидлади. Ўзбекистон минтақани барқарорлик, ривожланиш ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш учун мустаҳкам пойдевор қўйилишида ташаббускор мамлакат сифатида иштирок этмоқда. “Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси ҳаётга татбиқ этилаётгани бундан далолат беради. 2019 йил 29 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи учрашуви олий даражадаги минтақавий мулоқотни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди”, деди Б.Саидов.

99999.jpg

Тақдимот маросимида Хитой Халқ-сиёсий маслаҳат кенгашининг аъзоси, Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси маслаҳатчиси Цзи Чжие, ШҲТ тадқиқотлар маркази директори Дэн Хао, Евроосиё институти директори Ли Цзиго ва бошқа қатор олим ҳамда таҳлилчилар ўз чиқишларида Ўзбекистон Президентининг очиқ, ташаббускор ва конструктив сиёсати туфайли қисқа муддат оралиғида яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан фаол ва самарали мулоқоти равнақ топгани, ўзаро алоқалар шунга монанд равишда тобора ривожланаётганини қайд этди. Жумладан, сувдан фойдаланиш, чегараларни демаркация ва делимитация қилиш, транспорт қатновлари, савдо-иқтисодий алоқалар, минтақалараро ҳамкорлик ва бошқа ўта муҳим масалалар бўйича ўзаро манфаатли қарорлар қабул қилингани бу фикрнинг яққол далили эканлиги алоҳида таъкидланди.

Маросимда сўзга чиққанлар томонидан “Президент Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори” номли асар Хитойнинг сиёсатни шакллантирадиган, илмий, академик ва эксперт доиралари вакиллари учун Ўзбекистондаги замонавий ислоҳотлар ҳамда бу жараёнларнинг Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик ва тараққиётнинг узоқ муддатли истиқболларига стратегик таъсирини чуқур ўрганиш нуқтаи назаридан муҳим кўмакдош бўлиб қолишига умид билдирди.

Маълумки, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига йўналтирилган халқаро ҳаракатларда фаол ўрин тутмоқда. Тақдимот чоғида Тошкент Афғонистоннинг қўшни мамлакатлар билан минтақавий ва минтақалараро алоқаларига жалб қилиниши ташаббускори бўлаётгани қайд этилди. Бунда Ўзбекистон Президентининг “Барқарор ва фаровон Афғонистон – Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизликнинг гаровидир. Афғонистоннинг тинчлик йўлига ўтиши кўп жиҳатдан унинг иқтисодий ривожланишига боғлиқки, бунда минтақа мамлакатлари иштирок этишлари мумкин ва зарурдир”, деб айтган фикрларига алоҳида эътибор қаратилди.

22222.jpg

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг ислоҳотчилик йўли ва очиқ ташқи сиёсати мамлакатимизнинг Осиё, Европа ва Америка мамлакатлари учун ҳам, нуфузли халқаро ташкилотлар учун ҳам жуда жозибали, масъулиятли ва узоқ муддатли ҳамкор мамлакат сифатидаги ўрнини сезиларли даражада мустаҳкамлади.

Ўзбекистондаги тизимли ўзгаришлар ўзбек – хитой стратегик шериклик муносабатларида, Тошкент ва Пекиннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ҳамкорлигида ҳам ўз аксини топди.

Икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли қисқа муддат ичида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар янги даражага чиқди, ўзаро дўстлик, ҳамкорлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш муносабатлари изчиллик моҳиятини касб этди. Юқори ва олий даражадаги ташрифлар тобора кўпаймоқда, гуманитар-ижтимоий алоқалар мустаҳкамланмоқда. Стратегик шериклик янгидан-янги амалий мазмун билан бойиб бормоқда.

– Ўзбекистон Президенти, у олиб бораётган ташқи ва ички сиёсат, мамлакатда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ҳақида илмий-тадқиқот олиб бориш ва китоб ёзишни анчадан буён орзу қилган эдим, – деди Хитой халқаро тадқиқотлар академияси Евроосиё институтининг директори Ли Цзиго. – Бу ғояни кўплаб хитойлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда рўёбга чиқарганимиздан мамнунмиз. Ўзбекистонда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатдаги ижобий янгиланишлар уни Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнлари ривожланишининг тамойилларини белгиловчи муҳим давлатга айлантирди. Шу ўринда Ўзбекистон Президентининг “Хитой фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига киришда визасиз режимни белгилаш тўғрисида”ги Фармони ва бу тартибнинг 2020 йил 1 январдан жорий этилиши мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлик соҳасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшишини алоҳида таъкидламоқчиман.

 

ЎзА