2018 йил 13 июль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон моҳиятини алоҳида таъкидлаш керак, ушбу Фармон шу соҳадаги баъзи бир камчиликларни бартараф этиш, бир сўз билан айтганда сўнгги йилларда мамлакатимизда суд тизимини изчил демократиялаштириш, суд ҳокимиятининг  чинакам мустақиллигини таъминлаш, кенг жамоатчиликнинг судларга бўлган ишончини кучайтириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Судья ва суд тизими ходимлари томонидан катта мамнуният билан қабул қилинган ушбу Фармондан улар ўзларига билдирилган юксак ишончни кундалик фаолиятида ҳар томонлама оқлашни масъулиятли вазифа сифатида белгилашмоқда.

Айтиш керакки, мазкур фармон демократик ҳуқуқий давлат шароитларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда ҳам ниҳоятда муҳим аҳамият касб этиб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

Аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш масаласи ҳақида тўхталадиган бўлсак, судларнинг фуқаролар билан ўз-аро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиб, аҳоли билан доимий мулоқат қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этиш устида ишлар қилинмоқда.

Фармонда вазифа сифатида қўйилган «Судлар фаолияти тўғрисида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят суди раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш» масаласида амалий ишлар бошланди.

Яна бир янги тартиб ўрнатилган, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашнинг холислиги ва шаффофлигига бўлган ишончини ошириш мақсадида ҳар бир ҳудудда судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашувчи комиссиялар тузилиши белгиланди.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, хусусан мансабдор шахсларнинг фуқаролар мурожаатларига ўз муддатида, айниқса мурожаатида кўрсатилган масалага ҳар томонлама асосли жавоб бериш, агар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинганда тўғри ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалар баён этилиши намоён бўлди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида ҳеч бир муболағасиз мисли кўрилмаган даражада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мақсадимиз адолатли, қонун устувор бўлган жамият барпо этиш.

Президентимиз таъбири билан айтганда, «адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келган».

Адолат, тўғрилик ўрнатилишида давлат ҳокимиятининг ниҳоятда муҳим, мустақил тармоғи бўлган суд ҳокимиятининг ўрни ва аҳамияти ғоят катта. Ушбу фармон адолат устувор бўлган жамият барпо этилишидаги муҳим қадамларнинг яна биридир…

Т.ТУРДЫМУРАТОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси 

                              жиноят ишлари бўйича судининг судьяси.