Нукусда Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

Тиббиёт соҳаси ходимлари, тегишли вазирлик, ташкилот ва идора вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, тиббиёт соҳасини бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш, тиббиёт ходимларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда замонавий талаб даражасига жавоб бермайдиган кам қувватли қишлоқ жойлардаги бирламчи даволаш-профилактика муассасаларининг хизматлари ўрнига янгидан қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди ва улар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Натижада жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан оналик ва болаликни ҳимоялаш бўйича амалга оширилаётган миллий модели юқори баҳоланди ва Европадаги ривожланган мамлакатларга намуна сифатида тавсия қилинди.
12.jpg
Оролбўйида болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш мақсадида ЮНИСЕФ, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда бир қанча лойиҳалар асосида ишлар олиб борилиб, ижобий натижаларга эришилди.
Инвестиция дастури доирасида жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида жами 60 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 12 та, маҳаллий бюджетдан ҳисобидан 25 миллиард 500 миллион сўмлик 37 та соғлиқни сақлаш объектида янги қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди.
29.jpg
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқ асосида Мўйноқ туманида 2019 йилнинг манзилли дастурига киритилган жами 8 та соғлиқни сақлаш объектида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан 11,8 миллиард сўм, Инвестиция дастури доирасида 1 та объект учун 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, Оролбўйидаги даволаш муассасалари ва туман тиббиёт бирлашмаларининг моддий техник базасини яхшилаш мақсадида кредит ва грант маблағлари асосида 8 миллиард сўмлик хамда маҳаллий бюджет ҳисобидан 12 миллиард сўмлик жами 66 турдаги замонавий юқори технологияли тиббий асбоб ускуналар билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган бундай тадбирлар инсон манфаатларини муҳофазалаш, халқимизни тиббий-ижтимоий ҳимоялаш кўламини кенгайтириш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим омил бўлаётир. Ушбу соҳа вакилларининг шарафли ва масъулиятли касбини эъзозлаш, самарали фаолият юритиши учун зарур имкониятларни яратиш, шифокорларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш масалалари доимий эътиборида бўлиб келмоқда.
32.jpg
Жумладан, мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами муносабати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиали 1-жонлантириш бўлими мудири Ким Виталий Яковлевич “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” унвони, Қорақалпоғистон Республикаси ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ҳамшираси Тамара Ешанова “Дўстлик” ордени, Қорақалпоғистон Республикаси силга қарши курашиш диспансерининг бош шифокори Примқул Назиров ҳамда Шуманай тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари, кўп тармоқли марказий поликлиника бошлиғи Саткелди Адакаев “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” унвони билан тақдирланди.
Тадбирда бир гуруҳ соҳа ходимларига “Ардоқли нуроний” ҳамда “Ватан фидойиси” кўкрак белгилари топширилди.
Тантанали мажлисда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА