“Нафосат – 2017” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган танловда 20 нафар дизайнер-тикувчи ва стилист ўзи яратган либослар андозалари тақдимотини ўтказди. 

Иштирокчилар дизайнерлик фаолияти, миллий либослар тайёрлашга замонавий ёндашув, соҳани ривожлантиришга оид илғор тажриба ва таклифлар, шунингдек, етакчи аёл, талаба қиз, ижодкор аёл тимсолларида либослар эскизи намойиши ҳамда эркин мавзу шартлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

Нукуслик Жулдуз Шрашова, Қанликўл туманидан Карима Матрасулева, Тахиатош туманидан Дилфуза Сапарбоева ғолиб, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

3.jpg

8.jpg
5.jpg
– Нукус давлат педагогика институтида ўқиш билан бирга миллий ва замонавий кўринишдаги либослар яратишга ҳам қизиқаман, – дейди Ж.Шрашова. – Момоларимиздан мерос қорақалпоқ миллий нақш-безакларидан самарали фойдаланаман. Ўқитувчи ва талаба-ёшлар, ижодкор аёллар учун яратган миллий либослар коллекциям билан танловда муваффақият қозондим.

Шунингдек, танловда “Йилнинг энг яхши модельер-дизайнери”, “Энг яхши миллий йўналишдаги модельер-дизайнер”, “Энг ёш модельер-дизайнер” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА